Бекобод шаҳри ҳокимлиги мансабдори 5 минг доллар билан қўлга тушди
Бекобод шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахси фирибгарлик устида қўлга тушди. Паркент туманида муқаддам судланган шахс фермер хўжалиги раҳбарига банкдан 3 млрд сўм кредит олиб бериш эвазига 28 минг доллар ишлаб олмоқчи бўлди. Фарғона вилоятида мансабдор 5,6 минг доллар олган вақтида ушланди.
Тошкент ва Фарғона вилоятида бир қатор фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди.
ДХХ матбуот хизмати хабар беришича, Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ҳокимлигининг мансабдор шахсларидан бири “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи фуқарога ҳокимлик балансида бўлган икки хонали уй ажратилишида ёрдам беришини айтиб, эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилади.
У сўралган пулни олган вақтида ДХХ Тошкент вилояти бошқармаси, вилоят прокуратураси ва Департамент ходимлари томонидан ушланади.
Шунингдек, Тошкент вилоятининг Паркент туманида яшовчи, 1978 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс боғдорчилик ва чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбарининг ишончига кириб, унга танишлари орқали “Ипак Йўли” акциядорлик инновацион тижорат банкининг Чилонзор туман филиалидан 3 млрд сўм миқдорида кредит ажратилишига ёрдам беришни ваъда қилади ва эвазига умумий кредит миқдорининг 10 фоизини беришини сўрайди.
ДХХ ходимларининг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида фирибгар шахс сўралган пулни 28 минг АҚШ доллари эквивалентида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бундан ташқари, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясининг Фарғона минтақавий инспекцияси мансабдор шахсларидан бири қум-шағал қазиб олиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбаридан “Марказий Фарғона” сув омбори атрофидаги қум барханларидан лицензиясиз фойдаланишига рухсат бериш ва юқори инспекциядан бўладиган текширувларни ҳал этиш эвазига 5,6 минг АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ушланган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида мазкур мансабдор шахс муқаддам ушбу мақсадларда 5 минг доллар олганлиги ҳам маълум бўлади.
Қўшимча қилинишича, ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
19:45 / 05.11.2024
Чирчиқ шаҳри ҳокими ўринбосари 1 млн доллар билан ушланди
22:29 / 03.10.2024
Жанубий Корея президенти рафиқасидан порахўрлик айблови олиб ташланди
14:21 / 25.06.2024
“Кўз ўнгимда калтаклаб ўлдиришди” — Бекобод шаҳар ИИБ биносидаги ўлим тафсилоти
13:44 / 21.06.2024