Жамият | 17:35 / 21.09.2021
2162
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 2020 йилда таъмирланган боғчанинг поллари чириб кетгани маълум қилинди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги 21-Давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилишида камчиликларга йўл қўйилгани, оқибатда 2020 йилда реконструкция қилинган боғча яна таъмирталаб бўлиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, 21-боғчадаги ҳолат вилоят ҳамда туман мактабгача таълим бўлими масъулларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилган. Ўрганиш давомида аниқланишича, Шаҳрисабз тумани «Қиёмшайх» МФЙда жойлашган 120 ўринли 21-боғча 2020 йил 10 январдаги «2020—2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4565 сонли қарорига асосан 2 миллиард 600 миллион сўмдан ошиқроқ маблағ сарфланиб реконструкция қилинган.

Таъмирлаш ишлари «23-Механизациялашган кўчма колонна» масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган. Қайд этилишича, боғчани реконструкция қилиш жараёнида қурилиш корхонаси томонидан бир қатор камчиликларга йўл қўйилган. Жумладан, ҳаво алмашиш тешикларининг ёпилиб қолиши натижасида 1-қаватдаги 3 та хонадаги полларда чириш жараёни кузатилган.

Таъкидланишича, аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиш масаласи кўриб чиқилган. Айни кунларда қурилиш ишларида камчиликка йўл қўйган «23-Механизациялашган кўчма колонна» МЧЖ томонидан 3 та хонанинг пол қисми алмаштириб берилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид