Учқўрғон туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотида юз берган воқеани ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилди. Вазирлик ҳолат юзасидан расмий муносабат берди.

Муносабатда воқеага алоқадор ҳамда ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашган тизимдаги барча ходимлар ва мансабдор шахсларга нисбатан тегишли ташкилотлар ваколати доирасида зарур чоралар кўрилиши, айбдорлар жазоланиши билдирилган. 

“Таълим ташкилотининг воқеага дахлдор, деб гумон қилинган ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган”, дейилади вазирлик муносабатида.

Қўшимча қилинишича, бу каби салбий ҳолатлар бошқа боғчаларда ҳам такрорланмаслиги учун вазирликнинг махсус ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳозирда барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари текширилмоқда.

Аввалроқ Учқўрғон туманидаги давлат боғчасида 5 ёшли қизалоқ 52 ёшли хўжалик ишлари бўлими мудири томонидан зўрлаб келингани хабар қилинганди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи ушланган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Боғча директори ҳолатни ўрганган Kun.uz мухбирига “воқеа содир бўлган куни меҳнат таътилида бўлганини” айтганди.