Болалар омбудсмани Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги боғчалардан бирида тарбияланувчи болага нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик юзасидан Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигига тақдимнома киритди.
Қайд этилишича, тақдимнома орқали Болалар омбудсмани мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчига нисбатан жинсий зўравонлик ҳолати юзасидан ўтказилаётган хизмат текшируви натижаларини танқидий кўриб чиқиш, аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли чоралар кўрилишини ҳамда масъул ходимларнинг белгиланган тартибда жавобгарлиги масаласини таъминлашни сўраган.
Шунингдек, мазкур ҳодисанинг содир этилишига имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, барча мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини таъминлаш, келгусида ушбу ҳолатларга такроран йўл қўймаслик ҳамда уларнинг олдини олишга қаратилган зарур чоралар кўриш талаб этилган.
Жумладан,
республиканинг барча мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини қатъий таъминлаш чораларини кучайтириш;
мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг ўз касбий вазифаларини бажариши устидан масъуллар томонидан манзилли текширувлар ташкил этиш;
мактабгача таълим ташкилотларида болалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ички назорат механизмлари қайта кўриб чиқилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш зарурлиги кўрсатилган.
Қонунчиликка мувофиқ, тақдимнома ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар натижаси ҳақида Вазирлик 15 кунлик муддатда Болалар омбудсманига барча ҳужжатлар нусхасини илова қилган ҳолда маълумот бериши зарурлиги белгиланган.
Аввалроқ Учқўрғон туманидаги давлат боғчасида 5 ёшли қизалоқ 52 ёшли хўжалик ишлари бўлими мудири томонидан зўрлаб келингани хабар қилинганди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи ушланган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги махсус ишчи гуруҳ тузилганини маълум қилди
















