Таълим жараёни ўзига хос суръат ва жадаллик билан тараққий этади. Бу эса янги технологияларни жорий этиш ва давр билан ҳамқадамликни тақозо этади. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида (TИҚХММИ) Янги Ўзбекистон шукуҳига монанд янги жонли жараён бошлангани сир эмас.

Бугун илк бор ишга туширилган кўргазмали зал ва лабораториянинг очилиши юқоридаги фикрнинг далолатидир.

Ҳукуматимиз қарорларида юқори малакали кадрларни, шунингдек, инновацион тадқиқотларни олиб бориш ва жамоада ишлаш кўникмаларига эга бўлган ёш олимларни тайёрлаш долзарб вазифа сифатида юзага чиқмоқда.

Институтимизда даставвал, ишончли ҳамкорларимиздан бири «Huawei Tech Investment Tashkent» компанияси ҳомийлигида ташкил этилган «Ақлли қишлоқ ва сув хўжалиги» шоу-руми (кўргазмали зали) тантанали очилди.

Тадбирни институтнинг биринчи проректори Мирзаев Баҳодир Суюнович олиб борди. Унда Huawei Tech Investment Tashkent директори Лю Цзясин, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири матбуот котиби Шуҳрат Суюнов иштирок этиб ўз мулоҳазаларини билдиришди.

Бу замонавий шоу-румга Хитойнинг энг илғор фермер хўжаликларида фаол фойдаланиб келинаётган ва Ўзбекистон шароитига жорий қилинаётган Ақлли қишлоқ ва сув хўжалигини рақамлаштириш технологияси ўрнатилган.

Бундан мақсад талабалар ва ёш олимларни тайёрлаш жараёнида, шоу-рум ва илмий-ўқув полигони ўртасида кўприк вазифасини бажариш ҳамда реал вақтдаги диспетчерлик пункти фаолиятини амалга оширишдир. Шоу-рум янги илмий ишланмаларни яратиш орқали лойиҳаларнинг натижадорлиги, аниқлиги ва ишончлилигини таъминлаш, соҳани рақамлаштириш билан боғлиқ илмий фаолиятни ёшлар ўртасида оммалаштириш ҳамда уларда таҳлилий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Иккинчи ва учинчи тадбир «PETRO TEST AVTO» МЧЖ билан ҳамкорликда «Ёнилғи мойлаш материаллари лабораторияси»нинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси билан ҳамкорликда махсус аудиториясининг расмий очилиши билан давом этди.