Кисида пандемияга қарши курашдаги муваффақиятсиз қарорлар туфайли партия рейтинги кескин тушиб кетиши ортидан лавозимга келганига бир йил тўлмасидан истеъфога чиқишга қарор қилган Ёсихидэ Суганинг ўрнини эгаллайди.
Янги бош вазир олдидаги биринчи вазифа - Японияда ноябрь ойи охирларида бўлиб ўтадиган умуммиллий сайловларда партияни ғалаба сари етаклаб бориш бўлади. Аҳолининг норозилик намойишларига қарамай Токио Олимпия ўйинлари ўтказилиши бўйича қарор қабул қилиниши туфайли партия обрўси тушиб кетганди.
Ўтган йили Кисида партиянинг ички овоз бериш жараёнида етакчилик учун курашни Сугага бой берганди. Аммо Суганинг истеъфосидан кейин Кисида собиқ ташқи ишлар вазири (2017-2019) ва собиқ мудофаа вазири (2019-2020) бўлган, кўплар томонидан партия етакчилиги учун асосий номзод сифатида қаралган Таро Конони ортда қолдирди.
Кисида сайловларнинг иккинчи босқичида 427 тадан 257 та овоз тўплади, Таро Коно 170та овоз олди. Санаэ Такаичи ва Сеико Нода сайловнинг биринчи босқичида етарли овоз тўплай олмагани сабабли кейинги босқичга ўтолмаганди.
ЛДП парламентда кўпчиликни ташкил этиши туфайли, энди у бош вазир креслосини эгаллаши тайин. Ҳукуматни ким бошқариши бўйича қарор парламентнинг 4 октябр куни ўтказиладиган сессиясида қабул қилинади.
Японияда янги бош вазир сайланди. Ёсихидэ Суга ким ва ундан нима кутиш мумкин?
Таҳлил: Япониянинг 100-бош вазири
Марико Ои, BBC News, Япония
Бош вазирлик лавозими учун пойгада фаворит твиттерда 2,5 миллионга яқин фолловерларга эга, муқаддам ташқи ишлар ва мудофаа вазири лавозимларида ишлаган, айни вақтда Окинав ва шимолий ҳудудлар ишлари вазири бўлган Таро Коно бўлиб турганди.
Аммо партия бошқа бир собиқ ташқи ишлар вазири Фумио Кисидани танлади. У 4 октябрь куни ўтказиладиган парламентнинг навбатдан ташқари сессиясида мамлакатнинг 100-бош вазири этиб сайланади.
Бошқа номзодлар қатори Кисида сиёсатчилар оиласига мансуб.
У мўътадил-либерал сиёсатчи сифатида танилган, шунинг учун у консерватив қарашлардаги ҳукмрон партияни бироз сўллаштириши кутилмоқда.
















