Япония аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги — JAXA маълумотига кўра, MMX аппаратини олиб чиққан H3 ракетаси 20 октябр куни Танэгасима оролидаги космодромдан муваффақиятли учирилган. Бу ҳақда DW хабар берди.
Оғирлиги беш тоннага яқин аппарат ва миссиянинг номи MMX — инглизча Martian Moons Exploration, яъни «Марс йўлдошларини тадқиқ қилиш» иборасининг қисқартмасидир. Унинг вазифаси Фобосдан намуна олиш билан чекланмайди: аппарат Марснинг иккинчи йўлдоши Деймосни ҳам ўрганади.
Бир йиллик йўл, уч йиллик тадқиқот
Режага кўра, Марс атрофига етиб бориш ва Ерга қайтиш йўлининг ҳар бири тахминан бир йилдан вақт олади. Аппарат яна уч йилни Фобос ва Деймосни орбитадан ўрганишга бағишлайди.
Миссия давомида Фобос юзасига қўниш ҳам кўзда тутилган. Дастлаб кичик автоном робот, кейин эса намуна олувчи аппарат қўнади.
Лойиҳа қиймати 578 миллион долларга баҳоланмоқда. Унда Япония, АҚШ, Франция, Германия ва Европа космик агентлиги иштирок этмоқда.
Фобосда секундига бир миллиметр тезликда юрадиган робот
Франция ва Германия миссия учун Idefix номли тўрт ғилдиракли роботни тайёрлаган. У Астерикс ва Обеликс ҳақидаги комикслардаги ит номи билан аталган.
Ўлчами микротўлқинли печга яқин бўлган робот Фобос юзасида тахминан 100 кун ишлаши керак. У секундига бир миллиметр тезликда ҳаракатланиб, йўлдош юзасини тадқиқ қилади.
MMX аппаратининг Фобосда қолиш вақти эса анча қисқа — тахминан икки соат бўлади. Шу вақт ичида у 10 грамм грунт йиғиши режалаштирилган. Кейинчалик бу намуналар Ерга олиб келинади.
Аввалги уринишларда қўнишга эришилмаган
СССР ва Россия аввал Фобос юзасига қўнишни кўзлаган учта миссияни амалга оширишга уринган. Улардан фақат «Фобос-2» аппарати 1989 йилда Марс йўлдошига яқинлашиб, Ерга суратлар узатишга муваффақ бўлган.
Бироқ бу миссияларнинг ҳеч бири Фобос юзасига қўна олмаган. Япониянинг MMX лойиҳаси эса йўлдошни яқиндан ўрганиш билан бирга, ундан олинган намуналарни Ердаги лабораторияларда текшириш имконини яратишни мақсад қилган.
















