Июн ойида республиканинг деярли барча ҳудудларида автомобил бозори фаоллашди. Фақат Жиззах вилоятида савдолар 2,2 фоизга камайган. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CЕРР) таҳлилида келтирилган

1-rasm

Энг юқори ойлик ўсиш Сурхондарё (33,7 фоиз) ва Хоразм (32,6 фоиз) вилоятларида қайд этилди. Шунингдек, Сирдарё (29 фоиз), Самарқанд (28,3 фоиз), Қашқадарё (26,2 фоиз) ҳамда Андижон (26 фоиз) вилоятларида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. 

Тошкент шаҳрида эса бир ой ичида 17,9 мингта автомобил олди-сотди қилиниб, савдолар ҳажми 9 фоизга ошган. 

Бозорнинг асосий қисми — иккиламчи сегмент 

Июн ойида енгил автомобиллар савдоси 61,4 мингтани ташкил этиб, май ойига нисбатан 14 фоизга кўпайди. 

Шундан 37 мингдан ортиғи фойдаланилган автомобиллар ҳиссасига тўғри келди. Бу умумий енгил автомобил бозори савдоларининг қарийб 61 фоизини ташкил этди. Иккиламчи бозордаги ўсиш суръати 16 фоиз бўлиб, янги автомобиллар бозоридаги 11 фоизлик ўсишдан юқори бўлди. 

2-rasm

Янги енгил автомобиллар сегментида июн ойида 24 мингта автомобил сотилди. Ўсишнинг асосий қисми маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳисобига таъминланди. Уларнинг савдоси 12 фоизга ошиб, 18,8 мингтага етди. 

Хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси эса қарийб 7 фоизга ўсиб, 5,1 мингтани ташкил этди. 

Биринчи ярим йиллик якунларига кўра, янги енгил автомобиллар савдоси 157 мингтага етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 фоизга ошган. 

Шу билан бирга, фойдаланилган енгил автомобиллар бозори ярим йиллик кесимида сустроқ натижа кўрсатди. Январ–июн ойларида бу сегментда қарийб 240 мингта автомобил сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга кам. 

Электромобиллар бозори энг тез ўсаётган сегмент бўлди 

Июн ойида электромобиллар бозорида энг юқори ўсиш қайд этилди. Бирламчи ва иккиламчи бозорларда жами 8,4 мингта электромобил сотилиб, май ойига нисбатан савдолар 63,5 фоизга ошди.