08:06 / 04.10.2021
11587

Саакашвили Украинага қачон қайта олиши мумкинлиги айтилди

Грузиянинг собиқ президенти, ўз ватанида ҳибсга олинган Михаил Саакашвили Украинага қайтарилишини илтимос қилмоқда, бироқ у Грузияда қамоқ жазосини тўлиқ ўтагачгина бунинг имкони бўлади. Бу ҳақда Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили “Имеди” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Фото: Reuters

“Биз 9 йил давомида президент бўлган одам ҳақида гапирмоқдамиз. Бу одамнинг ўз хоҳиши билан давлатимиз фуқаролигидан воз кечиши фалокат ва ҳақоратдир. У Украинага қайтишни истаётган бўлса, унда қамоқ жазосини тўлиқ ўташи керак ва шундан кейин қаерга боргиси келса, кетаверсин”, деб айтган Гарибашвили.

Унинг таъкидлашича, Саакашвили ўзи жойлаштирилган турма ходимларидан уни Украинага қайтаришни сўрамоқда. “Ҳозир у Украинага қайтарилишини илтимос қилмоқда. У турмада, қийин аҳволда эканини фаҳмлаб етди. У ходимларга: “Мени дарҳол Украинага қайтаринг”, деб айтмоқда. Фараз қиляпсизми, бу одам қандай аҳволда. У нимага ўзи келди, бизни бу ерда ухлашяпти, қайтсам ҳеч нарса бўлмайди, деб ўйлаганмиди?” – деб давом эттирган ўз сўзларини Грузия бош вазири.

Гарибашвилининг таъкидлашича, Саакашвили ўз қамоқ жазосини тўлиқ ўтайди ва бугунги кунда ҳукуматда бирорта одам уни озод қила олмайди.

“Мен тўлиқ жавобгарлик билан айтаман, Саакашвили ўз қамоқ жазосини тўлиқ ўтайди. Бугунги кунги ҳолатга кўра, у 6 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинган. Бу ҳукм охирги инстанция томонидан чиқарилган. Бизга сайёрамиздаги исталган одам келиб, уни озод қилишни сўраса ҳам, бугун ҳукуматда буни ҳеч ким қила олмайди”, деб таъкидлаб ўтган Гарибашвили.

Аввалроқ Cnews портали Саакашвили Грузияга юк машинасида яширинча келтирилганини маълум қилганди.

1 октябрь эрталаб Саакашвили ижтимоий тармоқларда Грузияга келганини ва Батумида эканини маълум қилган. Кечга яқин эса Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили сиёсатчи ҳибсга олингани ҳақида хабар берган. Унинг таъкидлашича, Грузия ҳуқуқ-тартибот идоралари Саакашвилининг Украинадан Грузиягача ҳаракатланиши ҳақида маълумотга эга бўлган.

Грузияда Саакашвили бир нечта жиноий иш бўйича айбдор деб топилган ва уларнинг иккитаси бўйича сиртдан жазо ҳукмига тортилган. Жумладан, у президент бўлган вақтда ўз ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбланади.

Top