08:32 / 07.10.2021
6481

Нечта ОТМда талабалар учун ётоқхона борлиги маълум қилинди

Ўзбекистонда нечта олий таълим муассасасининг талабалар учун ётоқхоналари борлиги маълум қилинди. Давлат статистика қўмитаси тегишли хабар билан чиқди.

Фото: samdu.uz

Қўмита маълумотларига кўра, 2020/2021 ўқув йили бошига мамлакатда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари сони 127 тани ташкил этган.

Қайд этилишича, 127 та олий таълим муассасаларининг 88 тасида талабалар учун ётоқхоналар мавжуд.  

Аввалроқ, олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талабалар турар жойлари билан юзага келган муаммолар ҳақида тўхталганди.

Билдирилишича, 2021 йилнинг май ойига қадар Ўзбекистонда 58 минг ўринга эга 58 та ётоқхона бор эди. Талабалар турар жойларига эҳтиёж 28 фоизга қондирилган. Жами 149 минг талабадан 58 минг талабага жой бор бўлган.

“Ҳукумат томонидан мавжуд талабалар турар жойларидан баъзиларини икки ярусли (икки қаватли ётоқ ўринли) қилиш топшириғи берилди. Дунёнинг ривожланган давлатларида, жумладан Корея, Германияда ҳам шундай тажриба йўлга қўйилган. Биргина шу топшириқ билан мавжуд 58 минг ўринга яна 37 мингта ўрин қўшилди. Ҳар бир ўрин учун 4–5 млн харажат қилинди. Агар талабалар турар жойи қуриладиган бўлса, давлат ёки ОТМ битта талаба ўрни учун 50 млн сарфлайди”, деди олий таълим вазири.

Top