Ҳомиладорликни режалаштиришдан 3 ой аввал коронавирусга қарши эмланиш зарур — ССВ
Шифокорларнинг айтишича, коронавирусга қарши эмлангач, уч ойдан сўнг ҳомиладор бўлиш мумкин. Бу оналар ва болалар соғлиги хафв остида қолмаслиги учун асос бўлади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Қайд этилишича, жорий йилнинг январь ойидан то бугунги кунгача Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасида 360 нафар чақалоқ дунёга келган.
“Айни пайтда бу ерда туғилиб, муолажа олаётган 17 нафаридан ташқари, қолганларининг ҳаммаси ўз хонадонларида соғлом улғайишмоқда. Шунингдек, бу ерда даволанган 2379 аёлнинг хасталикдан тўлиқ халос бўлиб оиласи бағрига соғ-омон қайтгани қувонарли ҳолат аслида”, – дейилади вазирлик хабарида.
Бўлим мудири Баҳодир Аллаяровнинг маълум қилишича, шифохонанинг ҳомиладорлар патологияси бўлими 80 ўринга мўлжалланган бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинган ҳомиладор беморларнинг тузалиш муддати ўртача 10-12 кунни ташкил этади. Ҳомиладорликда COVID-19га чалиниш онада қон қуюқлашиши жараёнини янада кучайтириб юбориши билан хавфли ҳисобланади.
“Аммо жонлантириш бўлимида ўта оғир аҳволдаги опа-сингилларимиз ҳам бор. Масалан, фарғоналик А.Содиқова ҳомиладорликнинг катта муддатида касалхонага 70 фоиз ўпка зарарланиши билан ётқизилган. Бу орада беморнинг қил устида турган ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳомиласини олиб ташлашга тўғри келган. Давомли муолажалардан сўнг айни кунда унинг аҳволи ўрта оғир даражада.
Тошкент вилоятилик Д.Ўринбоева ҳам шундай қисмат эгаси. Ўпкаси 90 фоиз зарарланган бемор ҳомиласидан айрилганидан ташқари, томоғига жойланган найча орқали нафас олишга мажбур”, – деди бўлим бошлиғи.
Таъкидланишича, бундай беморлар ўз вақтида карантин қоидаларига етарлича эътибор қилишмаган ва вакцина олгач фарзанд кўриш режалаштирилмаган. Шифохона директори ўринбосари Ҳилола Алимова ҳомиладорликни режалаштиришдан 3 ой аввал коронавирусга қарши эмланиш зарурлигини таъкидлади.
“Ҳомиладор аёллар ичида ҳам коронавирусга чалиниш ҳолатлари кам эмас, аксарияти хасталикни пневмония билан, баъзилари реанимацион ҳолатда ўтказяпти. COVID-19га чалинган аёлларда кўпинча муддатдан олдин туғдириш амалиётини бажаришга тўғри келади. Чунки онанинг ҳам, боланинг ҳам ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қиляпмиз. Шу боис турмуш қуришдан, ҳомиладорликни режалаштиришдан аввал вакцина олиш энг тўғри йўл деб ҳисоблаймиз. Эмлангач эса уч ойдан сўнг ҳомиладор бўлиш мумкин. Бу оналар ва болалар соғлиги хафв остида қолмаслиги учун асос бўлади”, – деди директор ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, 7 октябрда Зангиота 1-сон ва 2-сон юқумли касалликлар шифохоналарида фақат Тошкент шаҳри ва вилоятидан 1 минг 600 нафар бемор болалар даволанаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Мавзуга оид

10:35 / 20.03.2025
Ўзбекистонда қишлоқ жойларда туғилиш кўпроқ экани маълум бўлди

21:40 / 18.03.2025
Хитойда туғилиш даражасини ошириш мақсадида оилаларга катта миқдорда пул мукофотлари таклиф қилинмоқда

17:07 / 03.03.2025
Самарқандда ҳожатхонага тушиб кетган чақалоқ қутқарилди

22:30 / 01.03.2025