Кенг жамоатчилик вакиллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари қатнашган тадбирда номзоднинг ишончли вакили Умиджон Сулаймонов сайловчиларни Баҳром Абдуҳалимов билан таништирди. Маълум қилинишича, учрашувда номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг таржимаи ҳоли ва фаолиятини акс эттирувчи кинофильм ҳам намойиш этилган.

Фото: «Адолат» социал-демократик партияси

«Қайд этилдики, номзоднинг дастурида ижтимоий адолатни қарор топтириш, самарали халқ ҳокимияти тамойилини босқичма-босқич амалга ошириш, парламентаризмни ривожлантириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ишини тартибга солувчи қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, давлат бошқарувида фуқаролар иштирокини кенгайтириш, барча жабҳада жамоатчилик назоратини ўрнатиш, илм-фанни тараққий эттириш ҳамда ташқи сиёсатда икки томонлама манфаатлар устуворлигини таъминлаш каби бир қатор вазифалар илгари сурилган», – дейилади хабарда.

Фото: «Адолат» социал-демократик партияси

Номзод шунингдек, болаларни икки ёшдан бошлаб боғчаларга қамраб олиш, Дарсликлар бўйича илмий тадқиқот институти ташкил этиш ҳақида гапирди.

«Адолат ҳаётимизнинг бош мезони шиори остида сиёсий жараёнларда фаолиятимизни бошладик. Сайловолди дастурим асосан 10 та йўналишдан иборат бўлса, 7 тасида адолат ғоялари илгари сурилган. Ўзбекистондаги ислоҳотларни фақат иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда эмас, балки суд-ҳуқуқ тизимида ҳам шахдам суръатлар билан ривожлантириш лозим. Биз жамиятда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаймиз. Таълим соҳасида коррупцияни йўқ қиламиз. Адвокатлар нуфузи ва мавқейини оширамиз. Қашқадарё воҳасидаги «Майданак» обсерваториясига эътибор қаратиб, астрономия фани ривожига ҳисса қўшамиз. Тинчликсевар ташқи сиёсат юритамиз», – дея қўшимча қилди Баҳром Абдуҳалимов.