2025 йил ва 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида «Ҳудудгазтаъминот» комплаенс назорат тузилмалари томонидан 3 мингдан ортиқ тўсатдан текширув ва рейд тадбирлари ўтказилиб, жами 1 217 та қоидабузарлик аниқланган.
Шу даврда суюлтирилган газни ноқонуний сотишга ихтисослашган 471 та «бункер» аниқланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилган.
Маълумот берилишича, кўрилган чоралар натижасида қиймати тахминан 2 млрд сўмлик 193,6 тонна суюлтирилган газ ҳамда умумий қиймати 8,7 млрд сўмлик 17 301 дона маиший газбаллони ноқонуний сотилишининг олди олинган.
2026 йилнинг тўққиз ойидаги хизмат текширувлари давомида 1,4 минг тонна суюлтирилган газ ва 10 626 дона маиший газбаллони талон-торож қилингани аниқланган.
Ҳуқуқий баҳо бериш учун 25 та материал ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиб, улар асосида 19 та жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда комплаенс назорат тузилмалари томонидан тўсатдан текширув ва рейд тадбирлари давом эттирилиб, аниқланган камчиликларнинг сабабларини ўрганиш, қоидабузарликларга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда уларнинг такрорланишига йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.
Фуқаролардан суюлтирилган газни ноқонуний сотиш ёки бошқа қонунбузарлик ҳолатларига дуч келганда +998 71 202-11-04 ёки 1104 рақамлари орқали хабар бериш сўралмоқда.

















