“Бугунги кунда Тошкент вилояти Қибрай туманида Тошкент шаҳридан кўчирилган аҳоли учун ажратилган ҳудудда автомобиль йўли, газ, электр энергия, сув, канализация тармоқлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар Сенатнинг алоҳида назоратига олинган.
Куни кеча ушбу ҳудудда олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида жойига чиқиб ўрганганимизда автомобиль йўли қурилиши сустлашганига гувоҳ бўлдик. Сабаби сўралганда эса қурилиш ишлари Автомобиль йўллари қўмитасидан етарли даражада молиялаштирилмаётгани маълум қилинди. Ушбу муаммони совуқ кунлар келгунга қадар, икки ҳафта муддатда бартараф этиш чораларини кўриб, натижаси юзасидан Сенатга ахборот берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки ушбу ҳудудда автомобиль йўлини қуриш ишлари якунига етказилмаётгани сабабли газ ва ичимлик сув қувурларини тортишда, электр учун симёғочларни ўрнатишда муаммолар юзага келмоқда”, – дея сенатор Қутбиддин Бурҳоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
“Бизни алдаб қишлоққа кўчиришди” — Тошкентдан Қибрайга кўчирилган фуқаролар шикояти
Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев Тошкент шаҳридан кўчирилган фуқаролар яшаётган Дўрмон қишлоғида йўл қурилиши режа асосида кетаётганини таъкидлаб, ҳудудга сув қувурларини тортиш йўл қурилиши охирига етказилишига қараб турганини рад этди.
“Ушбу масалани ҳал қилиш молиялаштиришга бориб тақалиши тўғри. Лекин ишлар белгиланган жадвал бўйича кетяпти, нима қилиб бўлса ҳам бу масалани ҳал қилишни зиммамизга оламиз. Белгиланган муддатда йўл қуриш ишлари якунига етказилади, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Шу пайтгача бажарилган ишлар учун Тошкент вилоятидан ва бошқа манбаларда олишимиз керак бўлган маблағлар бор, шу бўйича молиявий қийинчиликка учраб турибмиз.
У ерга аллақачон ичимлик сув ўтказилган. Бу масала бизга қараб қолгани нотўғри. Аксинча, мазкур ҳудудга тортиб борилган ичимлик сув қувурининг охирига етмаган жойи бор. Шунинг учун ҳам бизникилар тўхтаб қолишган. Ўрганувчилар боришган пайтда молиялаштириш билан боғлиқ муаммони ҳам айтишган бўлишса керак. Ушбу масалаларнинг барчасини ҳал қилиб, бу ҳақда қўшимча ахборот тақдим этамиз”, – дейди Абдураҳмон Абдувалиев.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов Автомобиль йўллари қўмитаси раисининг сўзларига эътироз билдириб, уни ахборот бераётганда далилларга асосланиб маълумот беришга чақирди.















