Божхона қўмитаси маълумотига кўра, тадбир қўмитанинг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари давомида дала майдонидаги дарахтлар орасига яширилган тўртта хўжалик қопи топилган. Уларнинг ичида 109 та ўрам бўлган.

Марказий божхона лабораторияси хулосасига кўра, ўрамлардаги модда салкам 95 килограмм гашиш экани тасдиқланган.

Шундан сўнг гиёҳвандлик воситаларини олиб кетишга келадиган шахсларни аниқлаш мақсадида ҳудуд кузатувга олинган. Саккиз кун ўтиб, яширин жойга келган икки фуқаро ушланган.

Ҳолат юзасидан Божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси жиноят иши қўзғатиб, уни тергов органига юборган.

Кейинги тергов ҳаракатларида гиёҳвандлик воситаларини ушбу жойга яшириш ва кейинчалик олиб кетиш ҳақида топшириқ берган шахс ҳам аниқланиб, қўлга олинган. Қўмитага кўра, у муқаддам бензин контрабандаси билан боғлиқ жиноят учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Божхона қўмитаси келтирган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, олиб қўйилган гашиш охирги истеъмолчигача етиб борган тақдирда, унинг қора бозордаги қиймати 10 миллион АҚШ долларидан ошиши мумкин эди.