Фейсбукдаги «Потребитель.уз» ёпиқ гуруҳида 28 октябрь куни бир пост қолдирилди. Унда айтилишича, Ангрен шаҳрида яшовчи 11 яшар қиз «Цефтриаксон» дори воситаси туфайли пайдо бўлган аллергик реакция сабаб вафот этган.

Маълумотда воқеа жорий йилнинг 20 октябрида содир бўлгани, сурункали бронхит сабаб мунтазам даволаниб келадиган 11 ёшли бемор шифокор кўрсатмасига биноан «Цефтриаксон» антибиотигини қабул қилгани айтилади.

Укол қилинганидан кейин 3 дақиқа ичида беморнинг қўлларида кўкаришлар, кўзларида қизариш, кўнгил айниши бошланган. 10 дақиқа ичида бемор ҳудудий шифохонага олиб борилган, ўша ерда дастлабки юрак уришдан тўхташ ҳолати кузатилгани айтилади. Шифокорлар тезкор ҳаракатлар билан юрак фаолиятини тиклашга муваффақ бўлишади. Аммо кейинчалик бу ҳолат яна икки марта такрорланади ва тонгда бемор юраги бутунлай тўхтайди.

Шунингдек, бемор шу кунга қадар ҳам «Цефтриаксон» антибиотигини мунтазам қабул қилгани, аммо реакция кузатилмагани билдирилган. Яъни амалда унга бу дори воситаси синамасиз инъекция қилинган.

Эълон қилинган постда ўлимга олиб келган ҳолат «Цефтриаксон» дори воситасидан аллергия ва анафилактик шок туфайли пайдо бўлгани айтилган. Шунингдек, бу восита Россиядан олиб келингани, шу пайтгача ҳам бу доридан пайдо бўлган реакция туфайли Ангренда ўлим ҳолатлари қайд этилгани, кўпчилик дори воситалари сотувдан қайтарилган бўлса-да, бир қисми тарқалиб кетгани ёзилади.

Постга бу дори воситалари «Деко» ва «Биохимик» заводларида ишлаб чиқарилгани ва ножўя таъсирлари туфайли қайтариб олинганига оид маълумот ҳам тиркалган. Аммо бу маълумот ўрганилганида ҳолат бундан 4 йилдан ортиқ вақт олдин кузатилгани маълум бўлди. Бу ҳақдаги мақолада «Цефтриаксон» дори воситаси шу пайтга қадар ҳам 4 марта сотувдан қайтарилгани баён қилинган.

  • Цефтриаксон ҳақида: цефалоспорин қаторига кирувчи кенг таъсир кучига эга антибиотик. Тиббиётда жуда кўп қўлланилади, айниқса юқумли касалликларда, жарроҳлик амалиётидан олдин ва кейин, жароҳатларда тавсия қилинади. «Цефтриаксон» деган умумий номдан ташқари «Цеф», «Цефабел» «Цефивел», «Цефиксем», «Цефод», «Пео», «Медаксон», «Бетаспорин», «Лифаксон» каби қатор номлар остида, аммо шу таркибда ишлаб чиқарилади.

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун дастлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланди. Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев Ангренда 11 ёшли бемор вафот этганини тасдиқлади.

«2021 йил 20 октябрь куни Ангрен шаҳар болалар шифохонасининг жонлантириш бўлимида 2010 йилда туғилган Г.С. исмли шахс вафот этган. Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида Ангрен шаҳар прокурори ёрдамчиси Л.Х.Искандаровнинг 20 октябрдаги қарорига асосан, суд-тиббий текшируви ўтказилган.