Ўзи қандай одам ишсиз саналади? Ишсизлик — ишлаш лаёқатига эга бўлган ва меҳнат қилиш истагини билдирган иқтисодий фаол фуқароларнинг иш топа олмаслиги.

Ишсизлик жуда кўп муаммоларга замин яратади — жиноятчилик ошади, оилаларда нотинчлик пайдо бўлади, болаларнинг тарбияси бузилади. Ишсизликнинг маълум даражага етиши ҳатто давлатчилик таназзулига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Яъни бу ерда иллатли доира пайдо бўлади: ишсизлар кўпайиши давлатни заиф қилади, заиф давлатда эса ишсизлар янада кўпаяди. Лекин дунёнинг хоҳ ривожланган, хоҳ ривожланаётган бирор давлати йўқки, ишсизлик муаммоси бўлмаса.

Бизни кўпроқ ўзимиздаги ҳолат қизиқтиради. Ўзбекистонда расмий маълумотларга кўра, ишга лаёқатли аҳолининг тахминан 10 фоизи ишсиз. Яъни ички меҳнат бозорида банд бўлганлар, четга кетганлардан ташқари 1,5 млн нафарга яқин фуқаро ишсиз ҳисобланади.

Ишсизлик жиддий муаммо эканлиги, унга қарши астойдил курашиш зарурлигини эътироф этган ҳолда, бугун масалага иккинчи тарафдан ёндашиб кўрамиз.

Бугун аксарият ташкилотлар, айниқса нодавлат компаниялар яхши ходимлар қидириб, бўш иш ўринлари ҳақида эълонларни мунтазам жойлаштириб боришади. Энг катта иш берувчи бўлган давлат тизимида ҳам вакант талайгина.

Мисолга эътибор беринг: Тошкент вилоятида 130 минг аҳоли ишсиз, келгуси беш йилда 270 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келади. Айни пайтда вилоятда 8 минг педагог, 11 минг муҳандис ва технологлар, 3 минг агроном ва ветеринар, 7 мингдан зиёд IT соҳасида, геология ва қурилиш-лойиҳалаш соҳаларида кадрлар етишмайди.

Бу президентнинг Тошкент вилоятига ташрифидаги нутқидан, яъни биринчи манбадан олинган маълумотлар.

Кимдир муттасил иш излайди, қайсидир ташкилотлар эса малакали ходимга зор. Хўш, нега шунақа? Албатта, маош камлиги, иш шароитларини оғирлиги, географик ноқулайлик каби жиддий сабаблар бор. Лекин танганинг иккинчи тарафига эътибор берилса, бошқа жиддий сабабларни ҳам кўриш мумкин: сабр-тоқат йўқлиги, малака етишмаслиги, нореал орзулар шулар жумласидан.

Афсуски, жуда кўпчилик ёшлар, яъни меҳнат бозорини муттасил тўлдириб бораётганлар амалда имконсиз талаблар билан ҳам қимматли вақтларини, ҳам яхши имкониятларини йўқотади. Чунки ҳеч ким ёш мутахассисни дипломи борлиги учунгина, ёки шу одам ишсизлиги учунгина (дейлик) 10 млн сўм маош билан кутиб ўтирмайди.