Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Даҳшатли ис гази: Бир хонадонда бир кечада 7 ўлим! Оналар жон бермоқда, болалар ҳам...
Қиш яқинлашиши билан оммавий ахборот воситалари ис газидан заҳарланиш ҳақидаги хабарларга тўлиб тошади. Бу хабарлар икки тоифа бўлади – ис газидан эҳтиёт бўлиш ҳақидаги тарғибот материаллари (кўпчилик эътибор қилмайди). Иккинчиси, ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлганлар – бундай хабарларни ўқиган инсон борки ичи ачийди, кўнглида норозилик пайдо бўлади.
Охирги жиддий ҳолат Ургут туманида содир бўлди. Она ва унинг 11 ва 5 ёшли болалари таппи билан кўмир кукуни аралашмасидан тайёрланган тезак ёқиб, ис газидан заҳарланиб нобуд бўлишган.
Бир оиладан бир кечанинг ўзида учта ўлик чиққан, бир авлод барбод бўлган.
Ис гази шундай балоки, соппа-соғ одам бир туки тўкилмай жасадга айланади.
Баъзан бутун оилалар, тўда-тўда одамлар тарашадек қотиб қолади.
Ўша онда жон бермаган одам узоқ вақтга соғлигини йўқотади, ҳатто бир неча ҳафта ўтгандан кейин ҳам ўлим ҳолатлари кузатилиши мумкин.
Ўлмай қолганлар ҳам жиддий асаб бузилишларига дучор бўладилар.
Мисолларни ёдга олишнинг ўзи бир даҳшат:
- 2021 йил 20 феврал. Хоразм вилоятининг Шовот туманида бир оила ис газидан заҳарланди: уч киши вафот этган, улардан икки нафари болалар бўлган.
- 2021 йил 6 март. Тўрткўл туманида яшаган ота ва унинг уч фарзанди, шунингдек уларнинг уйига меҳмонга келган бир фуқаро хонадондаги иситиш печидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб, вафот этди.
- 2021 йил 27 февраль. Юнусобод туманидаги хонадонда ижара асосида яшаган беш талабанинг мурдаси топилган. Илк расмий маълумотларда йигитлар “номаълум моддадан ўткир заҳарланиш” оқибатида вафот этгани таъкидланган. Кейинчалик бу ҳолатга ҳам сабаб ис гази экани маълум бўлди. Заҳарланиш оқибатида вафот этган беш талабанинг барчаси Андижон вилоятидан эди.
- 2021 йил 28 март. Самарқанд шаҳрида ис газидан 5 киши заҳарланган ва улардан 4 нафари вафот этган. Уларнинг ҳеч бири уйланмаган ва ҳалок бўлганлардан бири 2004 йил туғилган бўлган.
- 2021 йил 16-26 октябрь оралиғида Самарқанд вилоятида тўртта ҳолатда 8 киши ис газидан вафот этган. Уларнинг 5 нафари ёш болалар бўлган.
Умуман, йил бошидан бери ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ жами 46 та нохуш ҳолат содир бўлган. Бироқ қурбонлар сони ҳолатлар статистикасидан икки баробар кўпроқ. Яъни уларда 96 киши вафот этган ва 35 киши жабрланган.
Қаршида бундан бир неча йил аввал содир бўлган воқеа ҳар қандай инсон қалбини ларзага келтиради. Бир хонадонда ёш эр-хотин ва икки фарзанди, уларникига меҳмонга келган куёвнинг талаба синглиси, куёвнинг амакисининг икки ўғли йиғилишган. Меҳмонлар янги уй ҳовлисидаги ишларга ёрдамга келишган бўлган. Бир кечада ҳаммаси, жами 7 киши, жумладан 5 ва 3 ёшли қизалоқлар ис газидан заҳарланиб жон беришади. Тонгда ёш келинни ўз боласини судраб, эшик тутқичини ушлаганча жони узилган ҳолда топишади.
Жасад кўплигидан келинни икки боласи билан ота ҳовлисидан чиқаришади. Сабаби, эрининг уйида ҳам икки жасад бор эди. Уларнинг ён атрофида яшайдиган икки амакининг уйида ҳам икки тобут. Нафақат маҳалла, бутун ҳудуд оёққа туради. Воқеанинг бевосита гувоҳларининг айтишича, қабристондаги одамлар кетмай навбат билан келаётган майитларни қабрга қўяверганлар...
* * *
Булар энди оммага ошкор қилинган ҳолатлар орасидан айрим мисоллар. Қайд этилмаган ҳолатлар қанчалигини ҳеч ким билмайди. Шуниси аниқки, вазият ўта жиддий.
Мақоланинг бошига қайтамиз: Ис газидан заҳарланиб ўлганлар ҳақидаги хабарларни деярли ҳаммамиз қизиқиб ўқиймиз, айниқса болалар нобуд бўлса сесканамиз. Аҳоли газсиз қолгани учун шу ҳолатлар содир бўлаётган ҳисоблаб, айбдорларни лаънатлаймиз.
Лекин ис газидан ҳимояланиш, тарқалишининг олдини олиш ҳақидаги тарғибот материалларини бирортамиз очиб ҳам кўрмаймиз. Гўёки бу бизга алоқаси йўқдек тутамиз ўзимизни. Аммо юқоридаги тилга олинган, аянчли ўлим топган оилалар ҳам ис газидан заҳарланишларини хаёлларига ҳам келтирмаганлари аниқ.
Шубҳасиз, бу каби ҳолатлар юз беришида газ таъминоти тизимининг ҳам жиддий айби бор. Газ йўқ ҳудудларда одамлар нима топса ёқишмоқда. Чунки исиниш зарур. Совқотган одамда исинишдан кучлироқ истак бўлмайди, боласи совуқдан титраётган одамда эса нафрат пайдо бўлади.
Газ таъминотидаги узилишлар одамларни қўлбола печлардан фойдаланишга мажбур қилмоқда. Ёқилғининг бошқа турлари қимматлиги сабаб муайян аҳоли қатлами ҳамон ибтидоий таппи ва тезакдан фойдаланмоқда.
21-аср – технологиялар асрида биз ҳамон элементар эҳтиёж бўлган исиниш дардида юрибмиз.
Яна бир жиҳат – ис газидан ҳимояланиш бўйича тарғибот ҳам ўта жўн, таъсири йўқ ва номига олиб борилаётгандек. Ҳисоботга қарасанг, ҳаммаси аъло. Бироқ одамлар мунтазам жон бераётган экан, ишлар самарасиз кетяпти, ниманидир ўзгартириш шарт ва зарур.
Лекин барибир ҳаммамиз, ҳар биримиз биринчи навбатда ўзимиз учун элементар қоидаларга риоя қилишимиз зарур ва шарт. Токи юқоридаги каби ҳолатлар юз берганидан кейин турли ташкилотлар келиб ўрганишига, оилалар қирилиб кетганидан сўнг суриштирув-тергов қилишига ҳожат қолмасин.
Бугуноқ печкаларингиз ва мўриларингизни текшириб қўйинг! Ўз ғамимизни биринчи навбатда ўзимиз еймиз барибир.
Аброр Зоҳидов