Бугун Ургутда дурадгорлар ҳам халқнинг оғирини енгил қилиб келишмоқда. Улар куз фасли бошлангач, бошқа ҳудудларида кўп ҳам учрайвермайдиган уй иситиш мосламаси — сандал ясашга ўтишади. Кекса ёшдагилар билишади: ўтган асрнинг 70-80-йилларида сандалдан ҳатто йирик шаҳарлардаги ҳовлиларда ҳам фойдаланишган. Бугунги кунда у асосан узоқ тоғ қишлоқларида сақланиб қолган.

Ургут туманидаги бир қатор қишлоқлар қатори Ғўс қишлоғида ҳам аксар хонадонлар қишнинг совуқ кунларида уйни иситишда печлар билан бир қаторда сандаллардан ҳам фойдаланишади.

Сандаллар асосан Ғўс қишлоғининг ўзида тайёрланади. Бу ерда сандал ясамайдиган дурадгорнинг ўзи йўқ. Ана шундай усталардан бири Хўжагузар маҳалласида яшовчи дурадгор Шариф Қобилов.

Уста Шариф анча йиллардан буён дурадгорлик қилиб келади. Йилнинг бошқа фаслларида эшик, дераза ва сўри ясайдиган уста куз ойларидан бошлаб сандал ясашни бошлайди.

«Қишлоғимиздаги аксар эшик ва дераза ясайдиган дурадгор усталар куз киргач сандал ясашни бошлайди. Биз тарафларда газ йўқ, шу сабабли одамлар уйларини иситишда турли воситалардан фойдаланишади. Кимдир электр жиҳозлар билан, яна кимдир печка билан уй иситади. Шундай бўлса ҳам уларнинг аксарияти сандал ҳам ўрнатади. Ургутдаги аксар хонадонларда қиш фаслида 1–2та хонада сандал ўрнатилган бўлади», — дейди уста.

Устанинг айтишича, сандал ясаш учун асосан ўзимизнинг маҳаллий кўктеракнинг ёғочлари ишлатилади. Сандалга Россиядан келадиган ёғочлар, шунингдек, унинг устини ёпиш учун фанер ишлатилмайди. Бунга сабаб, сандалнинг остига қўйиладиган иссиқ чўғда Россия ёғочларининг шираси чиқиши мумкин. Фанердан эса клей ҳиди келиб туради. Бўялган ёғочдан эса бўёқ ҳиди чиқиши мумкин. Шу учун ёғоч табиий ҳолда қолдирилади.

«Авваллари бир мавсумда 150 тагача сандал ясаб сотардим. Кейинги йилларда чироқ ўчмайдиган бўлди ва одамлар уйини электр печларда исита бошлади. Шу сабабли 2-3 йилдан буён бир мавсумда 70–80 та сандал ясаб сотаман. Сандалнинг эни асосан уч ўлчамда: тўрт томони 100, 110, 120 сантиметр қилиб, баландлиги эса икки хил қилиб ясалади. Бундан ташқари, мижознинг хоҳишига қараб у айтган ўлчамда ҳам ясаб бераверамиз»,