Спорт | 13:19 / 10.11.2021
8872
2 дақиқада ўқилади

«Ҳужумда ўзимни яхши ҳис қиламан». Жасур Яхшибоев миллий жамоага чақирилгани, «Реал»га урган голи ва амплуасини ўзгартиргани ҳақида

Ўзбекистон миллий жамоасининг Тошкентда ўтказаётган йиғинининг 3-кунида Молдованинг «Шериф» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Жасур Яхшибоев таркибга қўшилди. Ўтган ҳафта Европа Чемпионлар лигасида майдонга тушган ўзбекистонлик ҳужумчи машғулотлар олдидан ЎФА матбуот хизматига қисқа интервью берди.

Фото: Tribuna.uz

«Ишларим яхши кетяпти. Чемпионлар лигасида ҳам ўйинлар ўтказяпмиз. «Реал» Мадридга қарши ўйиндаги голимни ва ғалабани сўз билан таърифлашим қийин. «Реал»га ўйнашни ҳамма орзу қилади, шу боис гол уриш бошқача бўлди. 

Миллий жамоага келганимдан жуда ҳам хурсандман. Мураббийлар чақиргани учун қўлдан келганча ишончни оқлашга ҳаракат қиламан. 

Фото: ЎФА

Клуб ва миллий жамоадаги машғулотларда фарқ деярли йўқ. Чемпионлар лигасида битта ўйинга тайёргарлик кўришда барибир бошқа даража бўлади, унга мослашишингиз керак.

Беларусдаги фаолиятимдан бошлаб, асосан ҳужумчи сифатида ўйнаяпман. Бу мен учун қулай позиция бўлиб қолган. Ҳужумда ўзимни яхши ҳис қиламан», - дейди Жасур Яхшибоев.

Эслатиб ўтамиз, Жасур Яхшибоев ЕЧЛ жорий мавсумида 3та ўйинда майдонга тушиб, «Реал»га қарши ғалабали баҳсда (2:1) Мадридда гол муаллифига айланганди.

Фото: Tribuna.uz

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси дастлаб Тошкентда, кейинчалик эса Грузия пойтахти Тбилисида ўқув-машғулот йиғини ўтказади. Хориждаги йиғин доирасида 15 ноябрь куни Грузияга қарши ўртоқлик ўйини белгиланган. Учрашув Тбилисидаги «Борис Паичадзе» стадионида соат 19:00да бошланиши режалаштирилган.

Мавзуга оид