Аслида бугунги қаҳрамон аёлимизнинг танлаган касби нозик хилқат вакилалари учун оғирлик қиладигандек. Лекин у оиласи фаровонлиги учун пайвандчилик ҳунарини эгаллади. Биз Андижон тумани Бахт маҳалласида яшовчи Юлдузхон Юнусованинг хонадонига кириб борганимизда у темир гулдон ясаётган экан.

“Ёшлигимда дўппидўзлик ҳунарини эгаллаб, турмушга чиққанимдан сўнг ҳам узоқ йиллар шуғулланиб келдим. Тўғриси, бу ҳунардан ҳозир даромад яхши эмас. Турмуш ўртоғим пайвандчи. Бу ҳунардан эса даромад яхши. Фақат бирор жойда буюртмага асосан “навес”, “барьер” ёки панжара каби ишларни бажаргани ёрдамга иккита шогирд билан боради. Дейлик, юз минг топса, учга бўлинади. Мана шу пул бўлинмасин, ўзимизнинг оилага кирсин, деб пайвандчиликни ўрганиб, ёнига кирдим.

 

Ёшлигимдан шаддод бўлиб ўсганман, кимнингдир олдига бўйин эгиб бориш мен учун қийин масала. Бир-икки марта маҳалла фуқаролар йиғини, туман ҳокимлигига ёрдам сўраб бордим. Ёрдам беришди. Ўзимга ўзим “Бировдан сўрамаслик учун меҳнат қилиш керак” деганман ва ҳаракат қилиб пайвандчилик ҳунарини эгалладим. Болаларимиз катта бўляпти. Уйлайдиган, қиз чиқарадиган пайтимиз яқин. Шунинг учун ҳаракат қилмасак бўлмайди. Фарзандларимиз ҳам ёрдам бериб, меҳнатга ўрганяпти”, – дейди Юлдузхон Юнусова.

Аввалига ҳаракатчан аёлнинг эри унинг пайвандчиликни ўрганишига қаршилик қилади. Сўзида қатъий турган Юлдузхон ниятига етиб айни кунда эри билан бирга ва ўзи мустақил ҳолда буюртмага асосан турли буюмлар ясамоқда.

Тўғриси, икки ўғил ва бир қиз катта бўлаётган оиланинг яшаш шароити тўкис деб бўлмайди. Бир хонали уйда яшайди. Лекин Юлдузхоннинг келажакдан умидлари катта ва тилидан “шукр” сўзи тушмайди.