Август ойида “Ўзбекнефтгаз”га қарашли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида рўй берган авариялар оқибатида табиий газ, газ конденсати ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш камайди.

Компания хабарига кўра, мазкур авариялар – 24 август куни бошқарув раиси Абдуғани Сангинов ўтказган мажлисда “кескин муҳокама қилинган”.

Қайд этилишича, йил бошидан буён олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида август ойида Газли ва Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида авариявий ҳолатлар деярли қайд этилмаган. Аммо қолган бошқармаларда август ойида юз берган авариявий ҳолатлар оқибатида табиий газ, газ конденсати ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш камайган.

“Бошқарув раиси аварияни бартараф этишдан кўра, унинг олдини олишга устувор аҳамият бериш зарурлигини таъкидлади. Масъулларга келгуси ойда авариявий ҳолатларни кескин камайтириш, ҳаво совиб кетмасидан барча профилактик ва таъмирлаш ишларини якунлаш бўйича қатъий вазифалар берилди.

Абдуғани Сангинов газ қазиб чиқаришдаги табиий тушишларга қарши кўрилаётган кескин чоралар натижасида қўшимча табиий газ оқимлари олиниб, ўсиш кўрсаткичларига эришилаётган бир пайтда бошқармаларда содир бўлаётган авариявий ҳолатлар натижаларга салбий таъсир қилаётганини афсус билан тилга олди”, – дейилади хабарда.

Янги қудуқлар

Маълум қилинишича, 1–24-август кунлари 11 та қудуқ ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, амалда 8 та қудуқда бурғилаш ишлари якунланган ва 7 таси ишга туширилган. Натижада қўшимча 1,7 млн куб метр кунлик газ қазиб чиқариш имконияти яратилган.

“Битта қудуқда саноат миқёсида газ оқими олинмади, яна бир қудуқ сентябр ойи бошига қолдириладиган бўлди. Учта қудуқдаги бурғилаш ишларини эса белгиланган муддатларда якунлаш бўйича мутасаддилар масъулияти оширилиб, аниқ вазифалар берилди”, – дейилади компания хабарида.

Қудуқларни таъмирлаш

Хабарда айтилишича, қудуқларни мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича натижалар ижобий. 1–24 август кунлари ишга туширилиши режалаштирилган 8 та қудуқнинг барчасидан саноат миқёсида газ оқими олинган. Режадаги 235 минг куб метр ўрнига қўшимча 310 минг куб метр газ олишга эришилган.

Энди масъуллар олдида 21–31-август кунлари яна 11 та қудуқни ишга тушириш ва қўшимча 340 минг куб метр газ олиш вазифаси турибди. Йиғилишда ушбу қудуқлардаги ишлар ҳолати кўриб чиқилиб, белгиланган муддатларга қатъий риоя қилиш топширилган.