Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси Доимий қўмитаси аъзоси, Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси Чжао Летсзи билан учрашув ўтказди.
“Самимий руҳда кечган суҳбат чоғида давлатларимиз раҳбарларининг изчил ва самарали мулоқоти натижасида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида мустаҳкамланиб бораётган муносабатларни муҳокама қилдик. Парламентлараро мулоқот ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.

Биз Хитой томонининг қўллаб-қувватлашини ҳамда транспорт, савдо, таълим ва маданият йўналишларидаги аниқ лойиҳаларни биргаликда рўёбга чиқаришга бўлган интилишини юксак қадрлаймиз. Олдимизда муштарак режалар кўп, асосий вазифа эса – уларни изчил ҳаётга татбиқ этишдир.
Жаноб Чжао Летсзига очиқ ва мазмунли мулоқот учун миннатдорлик изҳор этаман”, – дея ёзди Мирзиёева ўз Telegram-каналида.









