Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида одамлар 4-5 ой давом этадиган совуқ кунлардан қандай чиқиб олишни ўйлай бошлайди. Кимдир ярмидан кўпи кукун бўлган арзон кўмир харид қилади, кимдир эса ҳовлисидаги дарахтни кесиб ёқади. Яхшироқ даромадга эга бўлганлар Қозоғистон ва Қирғизистондан келтирилаётган сифатли кўмир сотиб олишади. Ёки ўтин бозорларда юк машиналарида сотилаётган ўтинга харидор бўлишади.

Ёқилғи бор. Энди уни қандай ёқиш керак? Одамлар бу борада ҳам турли усуллар қўллашади. Аксарият одамлар уйларни оддий печкалар билан иситишади. Сўнги йўлларда усталар ҳам шароитга мослашиб анча тежамкор печкаларни кашф этяпти.

Ана шундай усталардан бири Ургут тумани Хўжабаланд маҳалласида яшовчи Абдуманнон Убайдуллаев ҳисобланади. У бундан 12 йил аввал Россиядан ўрганиб келиб ёқилғи тежайдиган печкани ясай бошлаган. Бугун ушбу печлар «Почвон печка» номи билан нафақат Самарқанд вилоятида, балки қўшни воҳа вилоятларда ҳам машҳур бўлиб улгурган.

«Бундан 13 йил аввал Россияга ишлагани борганман. Ўша ерда биз яшаган уйда турган печка озгина кўмир ёки ўтин билан хонани узоқ вақт иситиб турарди. Шунда уни қандай ясалганини кўрдим ва кейинги йил Россияга бормай, ўзимизда ўша печга ўхшатиб печка ясай бошладим. Бошида одамларга ясаётган печкамнинг афзалликларини тушунтириш бироз қийин бўлди. Аммо кейинчалик ишларимиз юришиб кетди ва тежамкор печкаларимиз оммалаша бошлади», — дейди уста.

Устанинг айтишича, у фаолиятини эндигина бошлаган кезларда печкаларини мавсумга қараб асосан куз ҳамда қиш фаслларида ясашган. Бугун уста ўз шогирдлари билан йил давомида печка ясаяпти, аммо шунда ҳам буюртмаларни тайёрлашга улгуришмаяпти. Печка сўраб келаётган одамларга бир ойлик муҳлат айтилиши буюртмачиларни хафа бўлиб қайтиб кетишига ҳам сабаб бўлмоқда. Айрим одамлар «Ошиқча пул тўлайман, тезроқ ясаб беринг», деб ҳам таклиф қилишади. Аммо уста навбатни бузмоқчи эмас.

«Ҳозир буюртмалар шунчалик кўпки, «Почвон печка» ясаб беринглар деб келаётган одамларга бир ойдан сўнг тайёр бўлишини айтишга мажбурмиз. Аксарият мижозлар бир ой кутишга ҳам тайёр. Айримлар эса кутмай бошқаларга ҳам кетиб қолишади. Биз ясаётган печкаларнинг довруғи қўшни вилоятларга ҳам етиб борди ва энди улар ҳам кўплаб буюртмалар беришяпти. Ҳозир Қашқадарё вилоятидан келган буюртмани ясаяпмиз»