Жаҳон | 15:27 / 13.11.2021
6651
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон Шушадаги блокпостга ҳужум уюштирилганини маълум қилди

Ҳужум натижасида уч киши, жумладан, Озарбойжон қуролли кучлари ҳарбийси турли даражада тан жароҳати олган.

Фото: ТАСС

Шуша шаҳрига киришда жойлашган блокпостга қилинган ҳужум оқибатида уч киши жароҳатланди. Бу ҳақда Озарбойжон бош прокуратураси ва ички ишлар вазирлигининг қўшма баёнотида маълум қилинди.

Баёнотда айтилишича, “13 ноябрь куни Арманистон фуқароси Норайр Мирзоян ва бошқалар автомобилда Шуша шаҳри чегарасидаги Дашолти қишлоғидаги постга яқинлашган ҳамда Озарбойжон ва Россия ҳарбийларига қарата граната улоқтирган”.

Ҳужум натижасида уч киши, жумладан, Озарбойжон қуролли кучлари ҳарбийси турли даражада тан жароҳати олган.

Мазкур ҳодиса юзасидан республика жиноят кодексининг бир нечта моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Озарбойжон ОАВ Шуша шаҳри яқинидаги блокпостга ҳужум уюштирилгани, ҳужум қилган шахс россиялик ҳарбийлар томонидан қўлга олингани ҳақида хабар берганди.

2020 йил 27 сентябр куни Озарбойжон ҳамда Арманистон ўртасида Қорабоғ учун уруш бошланиб, 9 ноябргача давом этганди. Ерларни қайтариб олиш йўлида курашган Озарбойжон Шушани қайтиб олгач, Арманистон томони таслим бўлган ва Россия воситачилигида уч томонлама тинчлик шартномаси тузилганди. Келишувга кўра, Озарбойжон бир қатор туманларни расман қайтиб олди ва уруш тўхтатилди. Ҳудуддаги тинчликни россиялик «тинчликпарвар кучлар» таъминлаши айтилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид