Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асари бежиз яралмаган. Яқин тарихимизнинг шундай йиллари борки, жиноятчилик кескин ошиб кетган, кўчаларда бемалол юриб бўлмаган, қуролланган тўдалар ўртасидаги урушлар шаҳарлар марказларида очиқдан очиқ бўлиб турган. Гап қонли тўқсонинчи йиллар ҳақида.

“Мафия” атамасининг ватани Италиянинг Сицилия ороли ҳисобланади. Умуман, мафия у ёки бу шаклда доим бўлган ва катта эҳтимол билан доим бўлади. АҚШда мафиянинг гуллаб яшнаши ўтган асрнинг 30–70-йиллари оралиғига тўғри келган ва ўшанда Дон Маранцано, Аль Капоне сингари босслар нафақат жиноят олами, балки бутун сиёсат, иқтисодиётга ўз таъсирларини ўтказган.
Япониянинг “Якудза”си, Хитойнинг “Триада”си, Россиянинг рус мафияси ўз ҳудудидан чиқиб, дунёнинг турли нуқталарини титратган.
Ўзбекистонга қайтамиз. Мамлакатимиз ҳудудидаги криминоген вазиятнинг издан чиқиши кўп жиҳатдан иттифоқнинг сўнгги ўн йилликларидаги депрессив ҳолат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар сустлиги ва давлатда коррупция кескин кучайиб кетгани билан боғлиқ.
Бу жараённинг оғир асорати, яъни собиқ иттифоқ ҳудудида мафиянинг гуллаб яшнаши ҳар хил давлатларда деярли бир хил пайтда бошланган бўлса-да, турли даврларда якунига етди. Ўзбекистонда тўдаларнинг фаол ҳаракатига 1993-94 йиллардан бошлаб чек қўйила бошланган бўлса, Россияда бу жараён 2000 йилларга қадар ҳам давом этди.

Буни бир факт билан асослаш мумкин – 1995 йилнинг 1 мартида жуда таниқли ва бой телебошловчи, ОРТ телеканали директори Влад Листьев отиб кетилди. Воқеа юзасидан шахсан баёнот берган Россия президенти Борис Ельцин: “Мафияни жиловлашимиз шарт. Яқинда Ўзбекистонда бир жиноий тўда ҳеч қандай суд ва суриштирувларсиз йўқ қилинган. Биз ҳам шундай йўл тутишга мажбур бўламиз”, деган мазмунда гапирди. Ельциннинг бу баёноти анча шов-шувларга сабаб бўлган бўлса-да, Ўзбекистондаги қайси тўда назарда тутилгани, кимлар отиб ташланганига оид бирорта маълумот ошкор қилинмаганди. Шу билан бирга, Владислав Листьевнинг қотиллиги ҳам очилмай қолиб кетди.
Лекин чиндан ҳам бу пайтда Ўзбекистонда жиноий гуруҳларга қарши ўта қаттиқ кураш кетаётганди. Бунинг жиддий сабаблари бор эди. Жиноий гуруҳлар шу қадар бошвоқсиз бўлиб кетганига бир мисол келтириш мумкин: пойтахтдаги Дендропаркда икки тўда милтиқлар, пичоқлар ва бошқа қўлбола қуроллар билан очиқдан-очиқ жанг қилишган. Кўпчилик вафот этган, яраланган. Ҳатто ИИВ музейида ўша тўқнашувда ишлатилган қуроллардан иборат махсус бурчак ҳам ташкил этилган.
















