Учинчи минг йилликнинг бошланиши муҳим икки тамойил билан характерланади. Биринчидан, ҳозирги цивилизация глобал экологик муаммолар (иқлим ўзгариши, озон қатлами емирилиши, ичимлик суви ифлосланиши ва етишмаслиги, ўрмон ва тупроқ инқирози, биохилма-хиллик қисқариши, ортиқча ҳажмдаги чиқиндилар ҳосил бўлиши ҳамда уларни зарарсизлантириш муаммолари ва бошқалар) билан тўқнаш келди.

Иккинчидан, дунё жадал суръатларда ўзгариб бормоқда. Шунинг учун кечаги мезонлар билан эртанги истиқболни белгилаш у ёқда турсин, ҳатто бугунги ҳодисаларни ҳам баҳолаб бўлмайди. Бу каби муаммолар Ўзбекистон учун ҳам хосдир.

Анъанага кўра, бугунги кунда ўтказилаётган 8-чи халқаро иштирок билан ўтказилаётган республика илмий-амалий анжумани профилактик тиббиётнинг долзарб муаммоларига бағишланган дунё миқёсида ва республикамизда экологияга боғлиқ муаммоларни ҳал этишда муҳим роль ўйнайди.

Экологик саломатлик масаласи миллийликдан халқаро миқёсда ривожланиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан доимий эътибор предметига айланди. ЖССТ маълумотларига кўра, аҳолининг саломатлик ҳолати ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасига 50-60 фоизга, экологик муаммоларни ҳал этишга 20-30 фоизга ва фақат соғлиқни сақлаш тизимининг ривожланишига 15-20 фоизга боғлиқ. Аҳоли саломатлиги ва жамият фаровонлигига хавф солаётган атмосфера ҳавоси ифлосланишига қарши кураш атроф-муҳитни муҳофаза қилишда алоҳида ўрин тутади.

ЖССТнинг сўнгги маълумотларига кўра, тахминан 7 миллион бевақт ўлим ҳолатларига атмосфера ҳавоси ва хоналар ҳавоси ифлосланиши сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда ҳаво ифлосланиши гипертония ва овқатланиш билан боғлиқ касалликларни келиб чиқишида хавф омилларидан кейинги ўринда турадиган саломатлик учун энг аҳамиятли глобал хавф омили ҳисобланади. 

ЮНЕСКОнинг 257та ўрмон қўриқхоналаридан ўнтаси сўнгги 10 йил ичида заҳарли карбонат ангидрид гази чиқарувчи манбага айланди. Бунга ўрмон ёнғинлари сабабчидир. Ёнғинлар углероднинг атмосферага тарқалишига олиб келади, бу эса исиш ва янги ёнғинларни келтириб чиқаради.

Ўзбекистон Экология ва табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг маълумотларига кўра, ишлаб чиқариш корхоналари томонидан табиий ресурслар ифлосланмоқда. Жумладан, «Навоийазот» АЖ томонидан Зарафшон дарёсига ҳаёт учун хавфли бўлган моддалар оқизилган, оқибатда дарё суви заҳарланиб, кўплаб балиқлар нобуд бўлган. Маълумотларга кўра, Зарафшон дарёси сувида азот аммоний белгиланган меъёрлардан 21 марта, азот нитрат 2,6 марта, азот нитрит 60 марта, хлоридлар 1,3 марта, мис ионлари 2,1 марта юқори экани ва бу дарёда ёппасига заҳарланиш юзага келишига сабаб бўлганини кўрсатган.