“Германия учун муқобиллик” (AfD) Саксония-Алхалт парламентида ўринларнинг 44,5 фоизини қўлга киритди. Ҳокимиятдаги канцлер Мерцнинг Христиан-демократлар иттифоқи партияси эса бор-йўғи 18,5 фоиз ўрин эгаллади. “Германия учун муқобиллик” партияси, агар яна 2-3 депутатни ўз томонига оғрида олса ёки бирон бир партия билан коалиция туза олса, маҳаллий ҳокимиятни тўлиқ шакллантира олади.
Германия – Европа Иттифоқидаги аҳоли сонига кўра, иқтисодий улушига кўра, ялпи ички маҳсулоти ва сиёсий вазнига кўра энг йирик, энг муҳим давлат. Европа Иттифоқининг ривожланиш йўлини белгилашда айнан Германия ва Франция катта ролга эга.
Энди, бир вақтлар биринчи ва иккинчи жаҳон урушларига сабабчи бўлган, миллатчилик ва нацизмнинг ўчоғи бўлган Германияда, яна ашаддий миллатчиларнинг маҳаллий ҳокимиятга келиши – катта шокка, кўплаб саволларга сабаб бўлмоқда.
Нима учун Саксония-Анхелт вилояти ашаддий миллатчиларга овоз берди? Бу ерда учта йўналишдаги норозиликларни кузатиш мумкин.
Биринчиси, ижтимоий протест. Саксония-Анхелт вилояти шарқий Германияда, собиқ ГДР ҳудудида жойлашган. Ғарбий Германия вилоятларига қараганда иқтисодий ривожланиш нисбатан пастроқ, завод-фабрикалар камроқ, ишсизлик нисбатан юқорироқ. Шундай бўлса-да, Германиянинг энг кам ривожланган вилояти ҳам Европа Иттифоқидаги бошқа давлатларга қараганда анча ривожланган бўлиши аниқ. Яъни бу вилоят аҳолиси “Германия учун муқобиллик” партиясига овоз беришда, ўзларининг ижтимоий-иқтисодий вазиятини Германиядаги энг ривожланган вилоятлар билан таққослагани кузатилади.
Иккинчиси, маданий протест. Саксония-Анхелт вилояти аҳолиси сўровларда мигрантларга, эмигрантларга қарши овоз берганини билдиришган. Мисол учун, “Мен "Германия учун муқобиллик" партиясига овоз бердим, чунки кечалари кўчага чиққани қўрқиб бошлагандим, энди бу партия Саксония кўчаларида хавфсизлик ўрнатишига ишонаман” деганлар бўлган. Аслида, Германия вилоятлари ичида Саксония-Анхелтда мигрантлар сони энг кам бўлган вилоят ҳисобланар экан – умумий аҳолининг 8 фоизига етмас экан. Шундай бўлса-да, бу вилоят аҳолиси ксенофобия ва маданий протест сабаб, ултра ўнг партияга овоз берди.
Учинчиси, геосиёсий протест. “Германия учун муқобиллик” партиясининг энг катта ташқи сиёсий ғояларидан бири – Россия билан ярашиш, Россиядан арзон газ ва нефт сотиб олишни қайта йўлга қўйиш.
Маълумки, Россия-Украина уруши бошлангач, Европа давлатлари Россиядан газ ва нефт сотиб олишни тўхтатди. Унга қадар Россия гази Германияга келаётган газнинг ярмидан кўпини ташкил қилар эди. Яъни Германия иқтисодиёти Россиянинг нисбатан арзон гази ва нефти ҳисобига яхшигина ўсиш қилаётган эди. Умуман, “Германия учун муқобиллик” партияси, Европадаги бошқа ашаддий ўнг партиялар, кучлар каби, Европанинг АҚШдан масофа сақлаши, геосиёсий мустақил бўлиши, Россия ҳамда Хитой билан яқинлашиши тарафдори. “Германия учун муқобиллик” партияси Саксония халқига оддий ваъдалар берди, жумладан, “бизга овоз беринг, биз ҳокимиятга келсак, Россиядан арзон газ ва нефт сотиб оламиз ва иқтисодиётимиз яна жадал ўсиб бошлайди” деди. Ва бу ваъдалар иш берди. Бироқ, маълумки, ваъда билан реал вазият ўртасида фарқ бор. Берилган ваъдаларни бажариш осон бўлмайди. Чунки вазият ҳар доим жуда чигал бўлади.















