Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен шу йилнинг май ойидан буён илк марта ўзаро учрашув ўтказди. ЕХҲТ давлатлари ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Стокҳолмда ўтказилган учрашувида томонлар Украина атрофидаги вазият бўйича кескин баёнотлар билан алмашишди. Ғарб давлатлари Москва Украина чегаралари атрофида қўшин тўплаб, ҳужум қилишга тайёргарлик кўрмоқда, деб ҳисоблайди, Россия ҳукумати эса НАТО шарққа томон кенгайишига йўл қўймаслигини таъкидлаб, Киевни Донбасс муаммосини куч билан ҳал қилишга уринишда айблайди.

Лавров билан учрашувда Блинкен Украина билан зиддиятни кескинлаштирса, Россияни жиддий санкциялар кутаётгани ҳақида гапирди.

«Инқироздан қочишнинг энг яхши воситаси - бу дипломатия [...], жумладан Минск келишуви мажбуриятларини бажариш ва россиялик ҳарбийларни олиб кетиш [Украина чегаралари яқинидан]. Қўшма Штатлар бунда ўз ҳиссасини қўшишни истайди, аммо очиқлик билан айтиш керакки, агар Россия конфронтацияга (адоват) борса, уни жиддий оқибатлар кутади», деган Давлат департаменти раҳбари.

Ушбу учрашувдан кейин АҚШ делегациясининг шахсини очиқлашни истамаган вакили Reuters агентлигига учрашув «жиддий, ҳушёрлик билан ва ишчи руҳида» ўтгани ва ҳеч қандай кутилмаган ҳодисалар бўлмагани ҳақида гапирди. Манбанинг қайд этишича, Блинкен Лавровга, Вашингтон Россия ва Украина ўртасида можаро кучайишининг олди олинишини исташини, агар Москва барибир шу йўлдан борадиган бўлса, уни санкциялар кутажагини айтган.

Украина, Европа ва АҚШ разведкаси сўнгги ҳафталар давомида Россия яна ўз қўшинларини Украина чегаралари бўйлаб жойлаштираётгани, бу эса Украина шарқидаги кескинликни кучайтириши ва ҳатто мамлакатнинг бошқа регионларига бостириб кирилишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида айтиб келмоқда.

Бостириб кириладими? Ғарб экспертлари Украина чегарасидаги рус ҳарбийлари ҳақида нималар демоқда?

Сергей Лавров Стокҳолмдаги ўз чиқишида яна бир бор НАТОни Россия манфаатларини игнор қилишда, шунингдек, Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда айблади.

«Ҳарбий қарама-қаршиликнинг даҳшатли сценарийси қайтмоқда [...] Украина ҳарбий жиҳатдан кучайтирилмоқда [...] Альянснинг ҳарбий инфратузилмалари масъулиятсизлик билан Россия чегараларига яқинлаштирилмоқда, Руминия ва Польшада ракета ҳужумидан мудофаа тизимлари жойлаштирилган, улар зарбдор комплексларга айланиши ҳам мумкин. Европа ҳудудларида америкаликларнинг ўрта масофага ҳаракатланувчи ракеталари пайдо бўлиши мумкин», дея Лавровдан иқтибос келтирган ТАСС.