Сергей Лавров умумий мунозараларнинг бешинчи кунида минбарга чиқди. У нутқи бошидан ШҲТ, БРИКС, МДҲ ташкилотларини мақтаб, бу тузилмаларда жамланганлар энди халқаро масъулиятни бўйнига оляпти дея Ғарб гегемонлиги тарихда қолди, демоқчи бўлди.

Россия ташқи ишлар вазири АҚШнинг Венесуэла операциясини кескин қоралади. Лавровга кўра, бу мутлақо ноқонуний.

«Ахлоқий меъёрларга зид равишда АҚШ Венесуэлага бостириб кирди, натижада президент Мадуро ва унинг турмуш ўртоғи ўғирланиб, суд қилинмасдан Америка қамоқхонасида ушлаб турилди. Бу халқаро ҳуқуқ ҳар қандай давлатнинг энг юқори мартабали давлат амалдорлари иммунитетларга эга бўлиши кераклигини аниқ кўрсатишига қарамай содир бўлди. Биз Венесуэла раҳбари ва унинг турмуш ўртоғини зудлик билан озод қилишни ва бундай ҳаддан ташқари хатти-ҳаракатларнинг такрорланмаслигини талаб қиламиз», деди Лавров.

Шунингдек, у Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоминаий ва оила аъзолари, Эрон Ислом Республикаси ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти аъзоларини ўлдириш учун куч ишлатилганини қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

Россия вакилига кўра, Ғазодаги тинчлик режаси умуман ишлаётгани йўқ.

«Деярли бир йил олдин Хавфсизлик кенгаши Ғазо сектори учун тинчлик режасини тасдиқлаган эди, аммо у ерда тинчлик ҳукм сурмаяпти. Кекса одамлар, аёллар ва болалар у ерда ҳалок бўлишда давом этмоқда. Гуманитар вазият оғир. Ғарбий соҳилда вазият ёмонлашишда давом этмоқда, у ерда Исроил ўзининг аҳоли пунктларини қуриш фаолиятини кучайтирмоқда. Агар вазият давом этса, Фаластин давлатини тузиш имконсиз бўлади, жой қолмайди. Аммо агар шундай бўлса, Исроилнинг хавфсизлиги ҳам доимий таҳдид остида бўлади», дейди Лавров.

Россия вакили чиқишида Кубадаги вазиятга ҳам тўхталиб, Москва доим Кубанинг ёнида эканини билдирди.

«Кубадаги даҳшатли гуманитар вазиятни бартараф этиш учун шошилинч чоралар кўриш керак. Биз Куба халқи ва унинг ҳукумати билан биргамиз. Биз АҚШни оролдаги қамални бекор қилишга ва Куба билан савдодаги барча чекловларни олиб ташлашга, уни ўша жирканч рўйхатдан, терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан чиқариб ташлашга чақирамиз», деди Лавров.

Вазирнинг қўшимча қилишича, Украина урушининг давом этишига энг катта сабабчи — Европа. Улар Трампнинг тинчлик музокараларини бекор қилиш учун қўлидан келганини қилишмоқда.

«Халқаро ҳуқуқ ва хавфсизликка ҳурматсизлик руҳида Украинада бепарво ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Гўёки Россияни чеклаш мақсадида, АҚШ Европа хавфсизлик тизимини йўқ қилди ва Киевда русофоб режимни яратди. Бунинг қанчалик беҳуда эканини тушунган Европа Трамп маъмуриятини қизиқтирган тинчлик музокараларини барбод қилиш учун қўлидан келганини қилмоқда. Ғарб Украина режимини қурол-яроғга тўлдирмоқда, Киевга дрон ва ракеталарни тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига йўналтиришга ёрдам бермоқда. Ғарб Россияга стратегик мағлубият етказишга интилмоқда, аммо бу интилишлар уруш қўзғатувчиларни стратегик тупикка олиб боради», дейди Лавров.