Каллас бу ҳақда 30 октябр куни АҚШнинг Атланта шаҳрида ўтган G20 ташқи ишлар вазирлари учрашуви доирасида AFP агентлигига берган изоҳида айтган.
Унинг таъкидлашича, Россия ташқи ишлар вазири учрашувда кўплаб ёлғон ва бузиб талқин қилинган маълумотларни келтирган. Европалик иштирокчилар эса уларни рад этишга муваффақ бўлган.
AFP журналисти Лавров урушни тугатиш учун ён беришга тайёрлик билдирган-билдирмаганини сўраганида, Каллас рад жавобини берган. У Россиянинг амалий ҳаракатлари музокараларга тайёрлик ҳақидаги гапларга мос келмаётганини таъкидлаган.
Каллас Москвани тинчлик музокараларига тайёрлигини амалда исботлашга чақирган. Шунингдек, у июл, август ва сентябрни Украинада тинч аҳоли учун энг ҳалокатли ойлар деб атаган.
DW хабарига кўра, аввалроқ Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул европалик иштирокчилар Украинадаги уруш туфайли Лавров билан анъанавий умумий суратга тушишдан бош тортганини маълум қилган.
Вадефул Россия билан келишмовчиликларни муҳокама қилиш учун мулоқот зарурлигини тан олган. Бироқ, унинг таъкидлашича, бундай алоқалар муносабатлар одатий ҳолатга қайтгандек таассурот уйғотмаслиги керак.












