DW хабарига кўра, вазир АҚШнинг Атланта шаҳридаги G20 ташқи ишлар вазирлари учрашуви доирасида журналистлар саволларига жавоб берган.

DW мухбири The Kyiv Independent нашрининг украиналик мансабдорларга таяниб эълон қилган хабари ҳақида сўраганида, Лавров «Уларга ишонманг», деган. Сўнг у Путиннинг аввалги позициясини такрорлаб, Зеленский учрашишни истаса, Москвага келиши кераклигини айтган.

Журналист икки раҳбар декабрда Майамида ўтадиган G20 саммитида учрашиши мумкинлигини ҳам сўраган. Лавров Украина «Катта йигирматалик» аъзоси эмаслигини эслатиб, Москвага келиш ҳақидаги гапини такрорлаган.

Бундан бир неча соат аввал The Kyiv Independent Украинадаги юқори мартабали мансабдорларга таяниб, Москва юзма-юз учрашувни телефон суҳбати билан алмаштиришга интилаётганини ёзган эди. Нашр манбаларидан бири Россия томони бундай мулоқотни ташкил қилишга аввал ҳам уринганини билдирган.

Нашр бу тахминга асос сифатида Кремл матбуот котиби Дмитрий Песковнинг 30 октябрдаги баёнотини ҳам келтирган. Песков Путин «барча билан мулоқотга тайёр» эканини айтган. Россия президенти Зеленскийнинг қўнғироғига жавоб берадими, деган саволга эса «Ҳозирча ҳеч ким қўнғироқ қилмади», деб жавоб берган.

The Kyiv Independent суҳбатдошлари телефон суҳбати билан чекланиш асосий масалалар бўйича музокаралардан қочишга уриниш бўлиши мумкинлигини айтган. Уларнинг фикрича, муҳим келишувлар ва хавфсизлик кафолатлари учун АҚШ иштирокидаги уч томонлама формат ҳамда европаликларнинг музокараларга жалб қилиниши зарур.