Ўзбекистон | 09:18 / 04.12.2021
2635
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда мол ўғрилари қўлга олинди

Самарқанд вилояти Иштихон туманида мол ўғрилари қўлга олинган. Суриштирув давомида улар вилоятнинг турли ҳудудларидан қорамол ўғирлаб келгани аниқланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 25 октябр куни Иштихон тумани Дамариқ маҳалласида яшовчи фуқаро туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. У ўз мурожаатида яшаш хонадонида жойлашган оғилхонасидан жами баҳоси 14 миллион сўм бўлган икки бош қорамолни номаълум кимсалар ўғирлаб кетганини билдирган.

Шундан сўнг туман ИИБ ходимлари томонидан томонидан тезкор қидирув ҳаракатлари ўтказилган. Қидирув давомида 10 кун деганда икки нафар гумонланувчи ўғирланган қорамолларни Самарқанд шаҳар Матонат маҳалласидаги молхонада сақлаб келаётгани аниқланган.

Суриштирув давомида гумонланувчилар вилоятнинг бошқа ҳудудларидан ҳам қорамолларни ўғирлаб келиб шу молхонада сақлагани аниқланган ва қорамолларнинг эгалари топилиб, улар қайтарилган.

Қайд этилишича, мол ўғриларига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Гумондорлар процессуал тарзда қамоққа олинган.

Ҳозирда жиноят иши айблов хулосаси билан тугатилиб, туман прокуратураси орқали мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Иштихон туман судига юборилган.

Мавзуга оид