МFactor лойиҳасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори Нишонбой Сирожиддинов билан «Евросиё иқтисодий иттифоқига киришнинг таҳдидлари ва имкониятлар» мавзусида овозли суҳбат ташкил қилинди. Унда мутахассис ташкилотга аъзоликнинг Ўзбекистон учун фойдали ва зарарли оқибатлари ҳақида тўхталиб ўтди.

ЕОИИ аъзолик янги имкониятларми ёки таҳдид?

— Ҳукумат ушбу икки жиҳатни таққослаб, оптимал йўлни танлаши керак.

Хўш, ЕОИИга аъзолик Ўзбекистон учун қандай янги имкониятларни тақдим қилиши мумкин:

Биринчидан, бу ташқи иқтисодий алоқаларга таъсир ўтказади. Ўзбекистондаги жуда кўп соҳаларда протекционизм даражаси ЕОИИга нисбатан юқори. Кўп товарларнинг импорт божлари, техник тўсиқлар, миллий маҳсулотларга имтиёзлар тақдим этиш даражаси каби омилларни бунга мисол сифатида кўрсатиш мумкин.

Яъни бизда импорт протекционизмининг даражаси анча баланд. Ташкилотга аъзо бўлишнинг биринчи шарти, учинчи мамлакатларга нисбатан ягона импорт тарифи ўрнатишдир. Бу эса Ўзбекистонда ҳозир амалда бўлган импорт божини умумий кўринишда икки баробарга камайтиради.

Бунинг ижобий томони салбий оқибатларига нисбатан кўпроқ. Четдан олиб кирилаётган хомашё нархи қанча арзон бўлса, мамлакат ичида ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот нархи ҳам шунча паст бўлади. Рақобатбардошлик ошади. Бу дастлабки даврда миллий ишлаб чиқаришга салбий таъсир ўтказса-да, узоқ муддатли истиқболда рақобат муҳитини вужудга келтиришда ижобий омил ҳисобланади.

Умуман олганда, бирор иқтисодий ташкилотга қўшилишда унинг оқибатлари икки жиҳатдан таҳлил қилиниши керак. Ҳозирда ўтказилаётган тадқиқотларнинг аксарияти қисқа муддатли даврдаги аъзоликнинг ижобий ва салбий жиҳатларини аниқлашга қаратилган. Лекин давлат учун энг муҳим жиҳат, узоқ муддатли даврда аъзоликнинг иқтисодиётга қандай таъсир қилиши мумкинлигини таҳлил қилиб чиқиш ва аниқлаш ҳисобланади.

Қисқа муддатли даврда маълум маҳсулотлар нархи ошади, маълум маҳсулотлар нархи эса арзонлашади. Бу кўпроқ структуравий ўзгаришлар билан боғлиқ.

Шу билан бирга, узоқ муддатли даврни таҳлил қилиш жуда ҳам қийин. Ўн ёки ўн беш йилдан кейин Ўзбекистоннинг ташқи савдо алоқалари қандай бўлишини аниқ билмаймиз. Ҳозирда ЕОИИ бизга нисбатан эркинроқ савдо муносабатларини йўлга қўйган. Аммо бу қачонгача ва қандай кўринишда давом этиши номаълум. Беш йилдан кейин Ўзбекистонда ташкилотга нисбатан ҳам эркинроқ ташқи савдо тарифларини жорий қилиш истаги юзага келиши мумкин. Бу тарафдан аъзолик зарар ҳисобланади.