Little Italy пиццерияси Тошкентнинг “Самарқанд дарвоза” савдо марказида жойлашган. Кўрсатув давомида пицца тайёрлаш сирлари ва нозик жиҳатлари, пиццахона бизнесини бошлаш шартлари ва талаблари, махсус ускуналар, техникалар ва печлар билан яқиндан танишдик. Моҳирона ҳаракатланиш, талабчанлик ва озодаликка эътибор қаратиш ресторан бизнесида энг муҳим жиҳатлар эканини кўрдик.
Little Italy асосчиси Хуршид Аҳмедов “кичкина Италия”нинг Ўзбекистонга кириб келиши ва америкалик устози Салвадоре Оливера ҳақида сўзлаб берди.

“2002 йил Шарқшунослик институтини тамомладим. Кейин дўстларим билан четда, Буюк Британияда 3 йил ўқидим. Бу вақтда барибир ишлашга тўғри келади, пицца етказиб берувчи сифатида ишладик. Бир йили АҚШда ўқишни давом эттириш имкони туғилиб, “сеҳрли диёр”га жўнаб кетдим.
Талабалик пайтларим, 2005 ва 2015 йиллар оралиғида АҚШда пиццахонада ишладим. Устозим Салвадоре Оливера ўғли йўқлиги, қизлари эса бизнесга қизиқмагани учун пиццахонани бизга топширди. Оддий помидордан соус, ундан хамир ва пицца тайёрлашнинг барча сирларни ўргатди. Узоқ муддатли тўлов эвазига унинг номига очилган пиццерияни биз юрита бошладик.



2008 йили АҚШда иқтисодий инқироз кузатилган бўлса-да, биз учун омадли бўлди. Ўша йили иккинчи, 2011 йили эса учинчи филиалимизни очдик. Қўлимизда 70-80 киши ишларди. Баъзилари ўзбеклар, аксарияти маҳаллий америкаликлар эди. Ўша вақтларда шу пиццани қисмларга бўлиб сотиш концепциясини Ўзбекистонга олиб кириш ҳақида ўйлардим. Мана ҳозир бизнинг халқда ҳам пицца маданияти шаклланган экан, бизнес ғояни амалга оширишга киришганмиз. Ўзимизга яраша мижозлар орттиришга эришдик”, – дейди у.
Нега Little Italy етказиб бериш хизматига урғу бермайди?
Хуршид Аҳмедов Little Italy нега етказиб бериш хизматига қизиқиш билдирмаслигини тушунтириб берди. Унинг айтишича, етказиб бериш жараёнида инсон омили муҳим аҳамиятга эга, яъни пицца кўнгилдагидек пиширилган тақдирда ҳам, уни мижозга курьер ёки элтувчи орқали бериб юбориш ҳолатларида назоратни йўқотиб қўйиш мумкин.












