Ўзбекистон | 15:42 / 30.12.2021
16492
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда дераза панжарасига осилиб қолган 4 яшар бола қутқарилди

3-қаватдаги уйда қаровсиз қолган бола деразага чиқиб, панжарага осилиб қолган. Уни Миллий гвардия ходимлари қутқаришди.

Фото: Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси

Ҳодиса 27 декабр куни 22-сонли ҳарбий шаҳарчадаги уйлардан бирида рўй берган. Боланинг ёрдам сўраб бақирган овозини ҳудудда хизмат олиб бораётган Миллий гвардия Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармаси Яшнобод тумани бўлими тезкор ҳаракатланувчи гуруҳи ходимлари эшитиб қолишади.

Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармасидан маълум қилишларича, қўшни маҳаллада ободонлаштириш ишлари билан шуғулланаётган махсус автотранспорт воситаси зудлик билан қутқарув операциясига жалб қилинган ва бола қутқариб олинган.

“Бола қутқарилгач, у уйда қаровсиз қолдирилгани, онаси уйни қулфлаб ишга кетгани аниқланди. Ходимларимиз ушбу ҳудудда фаолият юритувчи профилактика инспектори ёрдами билан боланинг онасига қўнғироқ қилишади. 2017 йилда Тошкент шаҳрида туғилган болакай ҳодиса оқибатида ҳеч қандай жиддий жароҳат олмаган, у оиласига соғ-саломат топширилди”, дейди Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи Шуҳрат Дурматов.

Масъуллар Kun.uz мухбири билан суҳбатда бола қутқарилгунигача қанча вақт давомида панжарада осилиб тургани номаълумлиги, лекин тиббий ёрдамга муҳтож бўлмаганига қараганда бу ҳолатда узоқ вақт қолиб кетмаганини айтишди.

Шунга ўхшаш воқеа 2020 йил 14 январида ҳам рўй берганди. Ўшанда Тошкентдаги кўп қаватли уйларнинг бирида қаровсиз қолдирилган ёш бола 5-қават деразасида осилиб қолиб, пастга тушиб кетгани акс этган видео тарқалган; уни қутқариб қолган уч эркак Тошкент шаҳар прокурори томонидан тақдирланган эди.

Мавзуга оид