Спорт | 18:48 / 04.01.2022
41227
12 дақиқада ўқилади

«Таваккал қилдим ва панд едим» — Ўтган мавсумда шов-шув кўтарган Исломбек Исмоилов ўзбек футболидаги қинғирликлар ҳақида

Фото: Tribuna.uz

Про лигада чиройли ўйинлари орқали нафақат Яйпан, балки бошқа ҳудудлар мухлислари эътиборига сазовор бўлган, шиддатли курашлар билан сенсацион тарзда Суперлигага йўл олган «Турон» клуби бир мавсумдаёқ юқори дивизионни тарк этди. Суперлига янги вакилини ўз оиласига қабул қилмади ёки «Турон» бу оилага кўника олмади. Ислом Исмоиловнинг йил бошида шов-шувга сабаб бўлган флеш-интервьюси ҳам юқоридаги гапларга исбот, гўё. Ноҳақликларга чидамай, гапириб, кўп ўтмай лавозимидан кетган ёш мураббий билан суҳбатлашдик. У Tribuna.uz сайтига ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни айтиб берди.

«Турон» мураббийлигидаги можаро ҳақида

- Футболда шунча ишлаган бўлсам, ҳеч қачон бундай ҳолатга тушмагандим. Жамоамни ҳеч ким бунчалик «чопиб» ташламаганди. Ўзи табиатан қизиққонман. Ўшанда футболчиларимнинг кийим алмаштириш хонасидаги ҳолати жуда аянчли эди. Буни кўргач, чидаб туролмадим, чиқиб гапиришга қарор қилдим. Шунчалик ҳис-туйғуларга берилдимки, борини гапириб ташладим. 

Энг катта хатоси ҳақида

- Жамоага футболчилардан бирини танлашда хато қилдим. Биргина футболчи кўп нарсани ўзгартириб юбора олар экан. Биргина одамнинг жамоага таъсири кучли бўлиши мумкин экан. Ўша футболчи муҳитга яхшигина таъсир қила олди. Буни ишдан кетганимдан кейин ўтириб, таҳлил қилиб, тушуниб етдим. Ўша футболчи гуруҳбозликни юзага келтирган, жамоани иккига ажратиб қўйган эди. 

Яна бир хатом шуки, ўта ҳужумкор футболни тарғиб қилдим. Жамоам имкониятидан келиб чиқишим керак эди. Ҳимоя чизиғимиз бунга тайёр эмас экан. Ҳеч қачон ўйинолди «установка»да ҳимоявий ўйнашни, ҳисобни ушлашни айтмаганман. Ана шу бизга панд берди. Тажрибали жамоалар бизни жазолади. Масалан, «Қизилқум» билан ўйинни олайлик. Биз охиригача ғалаба учун ўйнадик, жуда хоҳладик ютишни, рақиб эса ўйин охирида қарши ҳужумда гол уриб, жазолаб кетяпти. Бундай ўйинлар кўп бўлди. Дуранг учун ўйнасак ҳам бўларди... 

Фото: Турон

«Келишиб ўйнасам бўларди – Про лигада ўйинни сотишим борасида таклифлар бўлган»

- Суперлига учун ҳаммамиз янги эдик. Мен ҳам, раҳбарият ҳам, жамоа ҳам лигада илк бор иштирок этаётгандик. Тўғри, Суперлигада ўйнаган футболчилар бор эди таркибимизда, бироқ жамоа сифатида барибир янги эдик. Албатта, Суперлигани ташқаридан кузатганмиз, бироқ ичкарига кириб, кўп нарсани кўрдик. 

Биз ҳам келишиб ўйнасак бўларди, масалан, «3x3» келишсак бўларди (рақиб билан ўзаро ўйинларда бир ғалаба ва бир мағлубиятга келишиш – муаллиф), чунки лигада ҳар бир жамоага очколар керак. Дуранг ўйнаб 1 очкога эга бўлгандан кўра, 3 очко олган яхши, лекин охиригача бу ҳақда ҳатто ўйламадим. Шахсан ўзимга келишиш борасида таклиф бўлмаган. Балки бу ёш, келишмайди, кўнмайди, деб ўйлашгандир. 

Қуйи лигаларда, дейлик, 1-лигада, Про лигада ўйинни сотишим борасида таклифлар бўлган. «Ёзёвон»да ишлаётган пайтимда, қизиғи, ютишим учун таклиф бўлган. Ютасан, фақат биз айтган ҳисобда ютсанг кифоя, дейишганди. Ҳисоб 2:1 бўлиши керак эди, лекин кўнмагандим. Ҳа, бу тотализатор учун тикилган ҳисоб бўлган, эҳтимол. Бекорга биров бундай таклиф бермайди-ку! 

«2000 доллардан бошланган таклиф охирига бориб 6000 долларгача чиқди»

- 1-лигада кўп таклифлар бўлган, бундай ишларни кўп кўрганман. «Обод» билан ўйиндаги воқеани айтай. Тошкентда ўйин бошланишидан олдин қандайдир бегона одам келиб, менга пул таклиф қилди. Аввалига 2000 доллардан бошланган таклиф охирига бориб 6000 долларгача чиқди. Мен айтган ҳисобни қайд этасан, шу пул сеники, деди. Кўнмадим.  

Фото: Tribuna.uz

«Тайёр даромадли ишни ташлаб, таваккал қилдим ва панд едим»

- «Пахтакор» академиясида ишлаб юрган пайтларимда даромадим ҳозиргидан яхши эди. 1 миллион сўмлик ойлик маош ва индивидуал машғулотлар ўтардим – ҳар бир бола учун 50 доллардан. Ота-оналар ўзлари илтимос қилишарди, алоҳида машғулот ўтинг болам учун, деб. Шунча шароит бўла туриб «Атласчи»дан таклиф бўлганида кетдим. Ахир бу бош мураббий бўлиб ишлаш учун имконият эди. Мендек ёш бир йигит – бош мураббий! Тасаввур қиляпсизми? Бордим. Кўрдим. Аҳвол чатоқ. 1-лига жамоасига машғулот учун майдон йўқ. У майдондан бу майдонга сарсон бўлиб, ҳар ердан ҳайдалиб, 6 ой юрдим маошсиз, шароитсиз. Алданганимни билдим. Шундай яхши жойимни ташлаб келганимга пушаймон бўлдим.  

«Қаршида меҳмонхонадан чиқариб юборишганди»

- Мен ярим ҳазил, ярим чин кўпчиликка айтаман: футболнинг қадрига етмоқчи бўлсангиз, Ёзёвонга бориб ишланг. Футболчилар ўйин куни эрталабдан бориб бозорда патта пули йиғишарди. Ҳолатимиз жуда хароб эди. Тушунаман, оддий бир кичик туман жамоаси, раҳбарлар ҳам имкон қадар ҳаракат қилишган. Мен ўша футболчиларга раҳмат айтаман, уларга ҳайкал қўйиш керак. Футболни пул учун ўйнашмаган. Ўзим ҳам пул учун ишламасдим-да. 

Йиллар давомида шароитлар бўлмаган, катта пуллар йўқ. Дейлик, 1-лиганинг бошқа клуби футболчилари сафар ўйинларида битта «Lacetti»нинг орқасида 2 киши юришса, биз эски, шалдироқ «Nexia»ларда тиқилишиб 4 киши бўлиб кетардик. Ундай машиналарда 10 километр юришнинг ўзи қаҳрамонлик аслида. 

Бир воқеани айтиб берай. Сафар ўйинига кетяпмиз. Клуб раҳбарлари қўлимга пластик карта бериб, ичида пул бор, шундан ишлатинглар, дейишди. Қаршига кетдик «Насаф-2» жамоасига қарши ўйин учун. Меҳмонхонага жойлашиб олиб, пул тўлайман десам, пластик бўм-бўш. Бизни чиқариб юборишди. Бошқа меҳмонхонага бордик эрталабгача турайлик, пул ташлашади картага, тўлаймиз, деб. Йўқ, кўчада қолиб кетдик. Ўйин куни. Йигитлар на ухлашган, на нонушта ва на тушлик қилишган. Шу ҳолимизга рақибни мағлуб этиб, қайтдик. Пластикда пул йўқлигини, пул тушириб беришларини айтай деб раҳбариятга қўнғироқ қиламан, на клуб хўжайини, на администратор, на бухгалтернинг телефони ёқиқ.  

Нукусга «Орол» билан ўйинга боришимиз керак. Дастлаб, пул йўқ дейишди. Кейин имкон топиб озроқ пул беришди. 12 киши боришга етарли пул. Жамоада ўзи асосий таркибнинг 11 аъзоси ва захира ўйинчилари бўлади. Бизда эса мен ва 12 футболчи. Кимдир жароҳат олса, алмаштиришга ўйинчи йўқ. Тасаввур қилинг, Ёзёвондан Нукусгача эски машиналарда йўл юришни. Азоб! 1000 километрлик азоб! Бордик. Ўйин бошланди. «Орол» футболчилари захирамиз йўқлигини кўриб, атайин жароҳат етказишга ҳаракат қилишади-да. Футболчиларнинг шилинмаган ва кўкармаган жойлари қолмади ҳисоб. Амаллаб ўйинни ўтказиб олдик. Ғалаба қозониб қайтдик. Жавоб ўйинида футболчиларимиз «Орол»дан ўч олиш учун кутишган. «Настрой» даҳшат. Лекин «Орол» Ёзёвонга келмади. 

«Фарғонадаги стадионга киритишмади»

- Принципларим ўзимга панд берган вақтлар бўлган. Мураббий ишига аралашувни ёмон кўраман. «Ёзёвон»да ҳам таркибга раҳбар аралашган. Йўқ, ўзим танлаган таркиб майдонга чиқади, деб қатъий турганман. Кейин Фарғонанинг «Истиқлол» клубидан таклиф бўлди. У ерда эса ишимга аралашув ва келишмовчилик туфайли атиги 2 ўйинда ишладим. Улар мен истаган талабларда ишлашни хоҳлашмади. Бир кун стадионга борсам, ичкарига киритишмаяпти. Клуб раҳбари эса мен билан гаплашишни ҳам истамади. Қаттиқ хафа бўлгандим ўшанда. Ваъдалар қуруқ бўлиб чиқди, ишонувчанлигим панд берди. Оддий гапга ишондим, панд едим. 

«Сендан яхши футболчи чиқмайди!»

- Футболда қинғирликлар кўп, лекин мен у кўчаларга кирмадим. Менинг футболим тоза. Принциплардан воз кечмаслигим, бировнинг гапига унамаслигим ўзимга зарар етказарди, шу туфайли дадам насиҳат қиларди, маслаҳат берарди, бироқ... 

Футболчи бўлишни хоҳлаб, шуғулланиб юрганимда бир куни дадам маслаҳат бердилар: сендан яхши футболчи чиқмаса керак, бошқа ишнинг бошини тут. Хўп, дедим. Мураббийликни танладим. Биласизми, жуда кўпчилик мана шундай маслаҳатларни қабул қилмайди, эшитгиси келмайди, футболчи бўламан, деб туриб олади. Мен ҳам айтсам бўларди дадамга «йўқ, мен футболчи бўламан, сиз мураббийсиз, мени бирор клубга жойлаштириб қўясиз», деб. Бундай қилмадим. Футболда таниш-билишчилик яхши эмас. Ҳа, иқтидори бўлса, кимнинг ўғли бўлишидан қатъи назар – ўйнасин. 

«Болалар футболида катта футболдаги мураббийлардан кўпроқ пул топадиганлар бор»

- Болалар футболи оғриқли нуқтамиз. У ердаги мураббийлар жиғилдонини ўйлашади. Ҳаммаси демайман, бироқ мен жуда кўп кўрганман шундайларни. Мисол учун, фарзандингизни футболга бердингиз, мураббийи эса сизни у зўр футболчи бўлади, деб ишонтириб, йиллар давомида сиздан пул олиб юради. Турнирма-турнир етаклаб, тўп тепишни тузукроқ ўрганмаган футболчининг ота-онасидан пул ундириб юраверади. 

Афсуски, айрим ота-оналарга қаёқдаги арзимаган шақир-шуқур медаллар-у фахрий ёрлиқлар муҳим. Улар хурсанд ўғлим футболчи бўляпти, деб. Агар ўша мураббий инсофли бўлганида бошидаёқ айтарди: бундан футболчи чиқмайди, бошқа касб қилсин. Лекин боланинг 8-10 йил умри ўтади шу зайлда. Бундай мураббийлар боланинг ва футболнинг заволи. Ҳамма нарсанинг жавоби борлигини билмасмикин?  

Фото: Турон

Оддий арифметика: бир мураббий қўл остида 100 нафар бола. Битта турнирга бошқа шаҳарга олиб бориш учун, дейлик, ҳар бир боланинг ота-онасидан 30 минг сўмдан йиғади. 3 миллион сўм йиғилди. Автобус гаплашади. Автобус нари борса 350 минг сўмга Марғилондан Қўқонга ё Андижонга олиб боради. Қолган пул чўнтакка. Бир ойда 3-4 та шунақа «турнир» бўлиб турса, болалар мураббийининг ошиғи олчи. Ишонасизми, катта жамоалар мураббийларидан кўпроқ пул топадиган мураббийлар бор болалар спорт ва футбол мактабларида. 

«4-5 бекорчини йиғиб, расмга олиб, шу жамоани ютдик, деб ҳисобот тўлдиришади ва маошга устамани олиб юраверишади»

- Яна бир қинғирликни айтай. БЎСМлардаги мураббийлар шогирдлари турнирларда ғалаба қозонса, ўша мураббийларнинг ойлик иш ҳақига устама тўланади. Ўша устама учун сохта турнирлар ва ғолибликлар уюштиришади. Қай бир маҳаллага бориб, 4-5 бекорчини йиғиб, расмга олиб, шу жамоани ютдик, деб ҳисобот тўлдиришади ва маошга устамани олиб юраверишади. Эҳ, гапирса гап кўп... 

«Аввалгидек иштиёқим йўқ, фаолиятимни якунласаммикин деб турибман...»

- Футболда ишлашга аввалгидек иштиёқим йўқ. Балки бирор яхши таклиф бўлса ўйлаб кўрарман, аммо ноҳақликларни кўравериб, ишлагим ҳам келмай қолди. Якунласаммикин бу фаолиятимни, деб ўйлаб турибман. Шукр, даромадим футболдангина эмас. Гапларимда ёлғон бўлса, мен билан ишлаган бирор футболчи чиқиб айтсин. Бирор футболчининг, мен билан ишлаган бирор одамнинг ҳақига хиёнат қилмадим. Кетсам ҳам тоза виждон билан кетаман. 

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Оператор ва монтаж устаси – Азимжон Абдувоҳидов. 

Интервьюни тўлиқ кўринишда Tribuna.uz сайтининг YouTube’даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид