Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хусусий мактабларга таътилни 24 январга қадар узайтириш тавсия этилди
Нодавлат таълим ташкилотларида ҳам қишки таътил муддатини 2022 йил 24 январга қадар узайтириш мақсадга мувофиқ, дейилади Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси баёнотида.
2022 йил 24 январга қадар мамлакатдаги барча умумтаълим мактаблари педагог-ўқитувчиларнинг халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилган Миллий ўқув дастурлари асосида малакаларини ошириш курсларини ташкил этиш белгиланган.
Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси хабарига кўра, нодавлат таълим ташкилотларида ҳам қишки таътил муддатини 2022 йил 24 январга қадар узайтириш, уларнинг раҳбар ва педагог кадрларини халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилган Миллий ўқув дастурлари асосида масофавий таълим шаклларини қўллаган ҳолда малака ошириш курсларига жалб этиш мақсадга мувофиқ экани айтилади.
“Қишки таътил даврида ўқувчиларга озиқ-овқат берилмаслиги ҳамда бошқа сарф-харажатлар қилинмаслигини инобатга олган ҳолда, уларнинг ота-оналаридан шу муддатлар учун тўлов ундирилмаслиги тавсия этилади.
Шунингдек, таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида улар учун ташкил қилинаётган онлайн фан олимпиадалар, интеллектуал ўйинлар, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган беллашувлар ва турли танловларда фаол иштирокини таъминлаш мақсадга мувофиқ”, дейилади маълумотда.
Аввалроқ, Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистонда мактабларда ҳам қишки таътил 24 январга қадар узайтирилганини маълум қилганди.
6 январь куни Олий таълим вазирлиги талабалар учун қишки таътил муддати узайтирилгани ҳақида хабар берган, Халқ таълими вазирлиги эса ўқувчилар одатдаги каби 11 январдан мактабларга қайтишини маълум қилганди.