Жамият | 14:00 / 18.01.2022
15339
2 дақиқада ўқилади

Мутахассис коронавирусга чалинган ҳомиладор аёллар уйда муолажа олиши бўйича тавсиялар берди

Ҳомиладор аёллар ўртасида коронавирус хасталигига чалиниш ҳолатлари кўп кузатиляпти. Хўш, улар бу вазиятда қандай йўл тутишлари лозим? COVID-19дан уй шароитида халос бўлиш мумкинми?

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

ССВ Республика перинатал маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Нилуфар Ўринбоеванинг шу ҳақдаги тавсиялари билан ўртоқлашди.

Ҳозирги кунда касалликнинг янги штамми енгил кечаётгани сабабли унга чалинган ҳомиладор аёллар аксарият ҳолларда уй шароитида даволанса бўлади. Бу вазиятда хасталик ҳам она, ҳам туғилажак бола саломатлигига хавф туғдирмайди.
 
Уларда янги штамм асосан симптомсиз ва енгил шаклда кечмоқда. Бу ҳолатда тана ҳарорати 38,5 даражадан паст, нафас етишмовчилиги йўқ, сатурация 94 фоиздан юқори бўлиши кузатиляпти.

Ушбу вазиятда оилавий шифокор томонидан беморга уй шароитида амбулатор даво муолажалари тайинланади. Агар ҳомиладорнинг тана ҳарорати кўтарилса, 3 кун давомида кунига 4 марта парацетамол таблеткаси бериш мумкин.

Шунингдек:

  • 10 кун давомида суткасига 1 марта витамин D - 5000МЕ;
  • 10 кун давомида суткасига 1 марта 100 мг.дан цинк (рух) препарати;
  • 15 кун давомида суткасига 2 марта 2 500дан витамин С қабул қилинади, холос.

«Даволаниш пайтида кўпроқ суюқлик ичиш, қўлларни тез-тез совунли сув билан ювиш ҳамда бурун ва томоқни чайиш, хоналарни шамоллатиб туриш тавсия этилади. Уй шароитида ўзбошимчалик билан антибиотик ва гормонларни қабул қилиш мутлақо мумкин эмас.

Агар коронавирусга чалинган ҳомиладор аёлнинг тана ҳарорати касаллик даврида 38,5 даражадан тушмаса, нафас олиши тинч ҳолатда ҳам тезлашса ва сатурация 93 фоиздан паст бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинади ва бемор стационар даволашга йўналтирилади», дейди мутахассис.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид