3 феврал куни ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Тошкент имтиҳон маркази тақдимоти бўлиб ўтди.
Янгиҳаёт туманида жойлашган мазкур хусусий марказ – ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича имтиҳон ўтказиладиган Ўзбекистондаги илк автоматлаштирилган имтиҳон комплекси ҳисобланади.
Очилиш маросимида қайд этилишича, автоматлаштирилган имтиҳон марказида синовлар инсон омилисиз, коррупциядан холи бўлади, фақат ўқиб тайёргарлик кўрганларгина ҳайдовчилик гувоҳномасини ола олади.



Имтиҳон қандай ташкиллаштирилади?
Имтиҳон топшириш учун келган номзод рўйхатдан ўтгач кассага боради ва дастлаб назарий имтиҳон учун тўлов қилади.
Тўлов қилгач, фуқаро кириш қисмида QR-кодли бейжигини текширтиради. Код орқали рўйхатга олингани, ҳужжатлари тўлиқлиги ва тўлов қилгани текширилади. Назарий имтиҳон хоналари 3та, ҳар бир хонада 25 кишидан, жами 75 киши имтиҳон топшириши мумкин.
Назарий имтиҳонни биринчи уринишда топшира олмаган номзод яна 7 кундан сўнг қайта имтиҳон топшириши мумкин.
Имтиҳонни топшириб бўлган номзод қайтадан тўлов қилиб, амалий имтиҳон ўтказиладиган қисмга боради. Имтиҳон олди номзодлар амалий имтиҳон жараёнини махсус экранлар орқали кузатиши, синовлар қандай тартибда ўтиши ҳақида визуал маълумот олиши мумкин.
Бундан ташқари, амалий машғулотларни назорат қилиш маскани мавжуд бўлиб, унда синовларда инсон омили иштирок этмаслиги, номзоднинг қай тартибда имтиҳон топшираётгани назорат қилинади.

























