Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 29 октябрдаги 596-сон қарори билан ҳукуматнинг 2025 йил 15 майдаги 318-сон қарорига тегишли ўзгартириш киритилди.
Аввалги тартибга кўра, 2025 йил 1 сентябрдан тезликни назорат қилувчи ҳар қандай турдаги стационар ва мобил радарлар жойлашган ҳудудда ҳамда уларгача 250–500 метр масофада «Радар» йўл белгисини ўрнатиш мажбурий эди.
Янги қарорда ушбу банд қайта баён қилиниб, ундаги «ҳар қандай турдаги стационар ва мобил радарлар» ифодаси ўрнига «стационар радарлар» деб белгиланди. Натижада мобил радарлар мазкур мажбурий талаб қамровидан чиқарилди.
Шунингдек, Йўл ҳаракати қоидаларидаги 5.43 — «Радар» белгисига оид бандга ҳам ўзгартириш киритилган. Унга кўра, белги ҳаракат тезлиги стационар радарлар ёрдамида назорат қилинаётган жойларгача 250–500 метр масофада ўрнатилади.
Шундай қилиб, стационар радарлар олдидан ҳайдовчиларни белги орқали огоҳлантириш мажбурияти сақланмоқда. Мобил радарлар бўйича эса бундай мажбурият янги таҳрирда назарда тутилмаган.












