Ўзбекистон | 07:29 / 04.02.2022
4146
2 дақиқада ўқилади

Тошкент маҳаллалари ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий меросининг дастлабки рўйхатига киритилди 

Тошкент маҳаллалари ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий меросининг дастлабки рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, Эски шаҳар маҳаллалари маданий қатламларини сақлаб қолиш бўйича дастлабки қадамлар 2019 йилда, Венеция архитектура биенналесида тақдим этилган "Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти" лойиҳаси ишлаб чиқилганда амалга оширилган. 

“Маҳаллаларимиз халқаро экспертлар томонидан эко-архитектурани тиклаш, замонавий шаҳарларни оммавий урбанизациядан асраш, шунингдек, ижтимоий қадриятлар ва жамоавийликни сақлаб қолиш усули сифатида эътироф этилди”, деб ёзади у.

Билдирилишича, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ЮНЕСКО билан ҳамкорликда етакчи олим, мутахассис, архитектор ва тадқиқотчиларни бирлаштирди. 

“Олдимиздан оққан сувни, яъни маҳалланинг тарихий қадр-қимматини, миллий маданий ўзига хослигини англай бошлаганимиздан жуда хурсандман. Табиийки, ушбу ҳудудда ҳеч қандай инвестиция қурилиш лойиҳаларини амалга оширишга рухсат бўлмайди. 

Тошкентнинг юраги бўлган қадимий Зарқайнар кўчаси тақдирига самимий қайғураётган барчага - жамоатчилик вакиллари, фаоллар, журналист ва блогерларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Шунингдек, маҳаллани асраб қолиш лойиҳасини қўллаб-қувватлагани ва уни Бутунжаҳон табиий ва маданий мероси дастлабки рўйхатига киритгани учун ЮНЕСКО ташкилотига миннатдорчилик билдирамиз”, дейди Саида Мирзиёева.

Маълум қилинишича, маҳаллани асраб-авайлаш масаласида жамоатчилик масъулияти ва онгли ёндашувига таянган ҳолда, ушбу йўналишда илмий-реставрация ишлари давом эттирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид