Президентнинг “Ўзбекистонда сурдотаржимонларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. 

Туризм ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг давлат муассасаси шаклида “Имо-ишора тилини ривожлантириш, сурдотаржимонларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш” давлат маркази ва унинг минтақавий филиалларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Қуйидагилар “Имо-ишора тилини ривожлантириш, сурдотаржимонларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш” давлат маркази ва унинг минтақавий филиалларининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда республикада имо-ишора тилини ривожлантириш чораларини кўриш;
  • илмий асосланган, замонавий атамаларнинг янги имо-ишораларини истеъмолга киритиш;
  • халқаро имо-ишора тилида фаолият олиб борадиган сурдотаржимон, сурдопедагоглар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш;
  • сурдотаржимонлар ва сурдопедагогларни узлуксиз қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган илғор механизмларни ишлаб чиқиш ва амалиётга киритиш;
  • имо-ишора тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, бу соҳада халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;
  • сурдотаржимонлар ва сурдопедагогларнинг касбий маҳоратини мунтазам ошириш асосида улар фаолиятини ташкил этишнинг замонавий услублари соҳаларидаги кўникмаларини ривожлантириш;
  • юқори самарали замонавий таълим ва инновацион технологиялар, илғор хорижий тажрибани кенг жорий этган ҳолда сурдотаржимонлар ва сурдопедагогларнинг малакасини ошириш бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини доимий янгилаб бориш, улар фаолиятини зарур даражада ташкил этиш ва самарадорлигини таъминлаш чораларини кўриш;
  • сурдотаржимонлар ва сурдопедагогларда интернет ахборот тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, илғор таржимонлик, педагогика, ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларни эгаллаш, уларни ўз фаолиятига фаол татбиқ этиш кўникмаларини ривожлантириш;
  • сурдотаржимонлар ва сурдопедагоглар учун табақалаштирилган узлуксиз малака ошириш жараёнларини ривожлантириш асосида малака оширишнинг муқобил шаклларини жорий этиш;
  • имо-ишора тилини ривожлантириш соҳасида фаолият олиб борувчи хорижий ва халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни ташкил этиш, уларни доимий равишда ривожлантириб бориш;