Ўзбекистон | 13:06 / 17.02.2022
6544
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Гагарин ҳайкали атрофидаги ҳудудлар таъмирланади

Фото: Газета.uz

Тошкент шаҳрида Гагарин ҳайкали атрофидаги ҳудудлар таъмирланиб, хиёбон барпо этилади. Бу ҳақда Чилонзор тумани ҳокимлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Чилонзор туманидаги 1-Катта Чилонзор ва 2-Катта Чилонзор маҳаллалари ўртасида жойлашган сайилгоҳ ҳам таъмирланмоқда.

“Бу сайилгоҳни кўпчилик ҳамшаҳарларимиз билади.Ушбу маскан анчадан бери қаровсиз аҳволда бўлгани учун уни таъмирлаш бўйича аҳолидан кўплаб мурожаатлар келиб тушган”, дейилади ҳокимлик хабарида. 

Ҳозирда бу ерда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Туманнинг 3-Катта Чилонзор маҳалласи ҳудудида жойлашган, 1962 йилда қурилган Гагарин ҳайкали атрофини ҳам таъмирлаш режалаштирилган. 

Гагарин ҳайкали ва унинг атрофидаги ҳудудлар Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти сифатида эътироф этилган.

“Шу боис, Маданий мерос агентлиги қошидаги Илмий-эксперт кенгашининг рухсати олингандан сўнг, ҳайкал атрофида ҳам таъмирлаш ишлари бошланади”, дейилади маълумотда. 

Билдирилишича, таъмирлаш жараёнида бу ердан қатновчи аҳолига ноқулайликлар бўлиши мумкин.

Аввалроқ, 13-14 феврал кунлари Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Космонавтлар майдонида космонавт Владимир Жонибеков бюсти атрофидаги гранит плиталари кўчириб ташланганди

«Газета.uz» сайтида бу ҳолат ҳақидаги фотосуратлар эълон қилингач, Тошкент шаҳар Маданий мерос агентлиги ҳудуднинг демонтаж ишлари рухсатсиз бошланганини маълум қилди.

Тошкент шаҳар ҳокими Космонавтлар майдонидаги демонтаж ишларига изоҳ берар экан, бир неча бор бунга давлатнинг бир сўм пули кетмаётганига урғу бериб, ҳудудни чиройли қилиб қўйишни ўзига қўйиб беришни сўради. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид