11:53 / 21.02.2022
1627

«Ҳақиқий эмас деб топилган ҳоким қарорлари сони қарийб 2 баробар ошди» - Хоразм вилояти маъмурий суди 

2021 йилда ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича жами 719 та ариза кўрилган бўлиб, 430 та қарор ҳақиқий эмас деб топилган. Бу олдинги йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўпдир.

Хоразм вилояти ва Урганч туманлараро маъмурий судининг 2021 йил давомида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳуқуқи ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти юзасидан вилоят маъмурий судининг раиси Жамила Султанова халқ депутатлари Кенгашида ахборот берди.

Қайд қилинишича, 2021 йилда вилоят маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жами 1633 та маъмурий иш кўриб чиқилган.

Уларнинг 727 таси бўйича аризалар қаноатлантирилиб, мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари ва хатти-ҳаракатлари оқибатида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари суд йўли билан тикланган, 749 та ариза рад этилган, 82 таси бўйича иш юритиш тугатилган ва 75 таси кўрмасдан қолдирилган.

Ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича жами 719 та (2020 йилда 377 та эди) аризалар кўриб тамомланган бўлиб, 430 (230) та қарор ҳақиқий эмас деб топилган, 242 (134) та ариза рад қилинган бўлса, 25 (3) таси кўрмасдан қолдирилган ва 22 (10) таси бўйича иш юритиш тугатилган.

Ҳақиқий эмас деб топилган 430 та қарорнинг 163 таси Урганч шаҳри, 72 таси Урганч тумани, 67 таси Ҳазорасп тумани, 25 таси Қўшкўпир тумани, 23 таси Хонқа тумани, 22 таси Тупроққалъа тумани, Гурлан ва Янгиариқ туманида 15 тадан, 7 таси Хива шаҳри, Шовот ва Хива туманида 6 тадан, 4 таси Янгибозор тумани, 3 таси Боғот тумани, 2 таси вилоят ҳокими томонидан қабул қилинган қарорлардир.

Шунингдек, ҳақиқий эмас деб топилган 430 та ҳоким қарорларининг 211 таси турар жойга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш ёхуд илгари белгиланган эгалик ҳуқуқини бекор қилиш, 129 таси ер майдони ажратиш, 49 таси фермер хўжаликлари ер майдонларини олиб қўйиш билан боғлиқ ишларни ташкил этган бўлса, 41 таси нотурар бинога нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилашга оид ишлардир.

2021 йил давомида маъмурий ишларнинг 600 таси, яъни 36,7 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Ишларни кўриб чиқиш якуни бўйича судьялар томонидан 458 та хусусий ажримлар чиқарилган. Уларнинг 298 таси туман ва шаҳар ҳокимликлари, 129 таси бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман ва шаҳар бўлимларига, 31 таси бошқа ташкилотларга чиқарилган.

Top