Ўзбекистон давлат қарзи 26 миллиард доллардан ошди
2021 йил давомида Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2,9 млрд долларга ошиб, ЯИМга нисбатан 38 фоизни ташкил этмоқда.
Молия вазирлиги ҳисоботига кўра, 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2,9 млрд долларга ошиб, 26,3 млрд долларни (шундан, давлат ташқи қарзи – 23,6 млрд доллар, давлат ички қарзи – 2,7 млрд доллар) ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 38 фоизни ташкил этмоқда.
Давлат қарзининг ЯИМга нисбатан улуши 2021 йил бошида 39 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 38 фоизгача пасайган.
2021 йил давомида Ўзбекистон номидан ва кафолати остида умумий қиймати 4 млрд 920,3 млн доллар миқдоридаги 33та ташқи қарз битими имзоланган. Шундан:
· бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинган давлат ташқи қарз битимлари ҳажми – 1,8 млрд доллар;
· соғлиқни сақлаш, аҳолини тоза ичимлик суви ва канализация билан таъминлаш, чорвачилик, кимё саноатини ривожлантириш ва бошқа лойиҳаларни молиялаштириш учун имзоланган ташқи қарз битимлари ҳажми – 2 млрд 508,6 млн доллар;
· Ўзбекистон Республикаси кафолати остида имзоланган ташқи қарз битимлари – 611,7 млн доллар.
2021 йил давомида давлат ташқи қарзи қолдиғи 2,5 млрд долларга, ички қарзи қолдиғи эса 464,1 млн долларга ошган.
2021 йил якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 25,2 фоизи ёки 5,9 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 13,2 фоизи ёки 3,1 млрд доллари электр-энергетика соҳасига, 12,2 фоизи ёки 2,9 млрд доллар энергетика соҳасига, 11 фоизи ёки 2,6 млрд доллар транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 9,1 фоизи ёки 2,1 млрд доллар уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келган.
Халқаро молия институтларидан жалб қилинган давлат ташқи қарзи қолдиғининг асосий қисми Осиё тараққиёт банки (5,2 млрд доллар), Жаҳон банки (4,3 млрд доллар) ва Ислом тараққиёт банки (0,9 млрд доллар) ҳиссасига тўғри келган.
Ўзбекистон давлат ташқи қарзи портфели валюта таркибининг 71,9 фоизи – АҚШ доллари, 10,5 фоизи – япон иенаси, 8,4 фоизи – СДР (махсус қарз олиш ҳуқуқлари), 4,6 фоизи – евро, 1,8 фоизи – сўм, 2,8 фоизини эса бошқа валюталардир.
Маълумот учун, 2017 йилда Ўзбекистон давлат қарзи 11,5 млрд долларни (ЯИМнинг 18, 7 фоизи), 2018 йилда 14,9 млрд долларни (ЯИМнинг 28, 3 фоизи), 2019 йилда 17,8 млрд долларни (ЯИМнинг 29, 7 фоизи), 2020 йилда 23,4 млрд долларни (ЯИМнинг 39 фоизи), 2021 йилда 26,3 млрд долларни (ЯИМнинг 38 фоизи) ташкил қилган.
Мавзуга оид
18:33 / 18.11.2024
2025 йилда Ўзбекистоннинг давлат қарзи 45 млрд доллардан ошади
17:42 / 14.11.2024
Марказий Осиё табиий офатлар туфайли ялпи ички маҳсулотининг 6 фоизини йўқотиши хавфи бор
11:54 / 14.11.2024
«Донолар кенгаши» ГФРнинг 2024 ва 2025 йиллар учун ЯИМ прогнозини пасайтирди
22:40 / 19.10.2024