Ўзбекистоннинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев 2021 йил 24 сентябрда имзолаган 237-сонли буйруқ билан, Тошкент шаҳридаги 16 та ва Тошкент вилоятидаги 99 та тиббиёт муассасаси намуна сифатида “Марказлаштирилган клиник диагностика лаборатория яратиш, жиҳозлаш ва ишга тушириш” лойиҳаси доирасида “Intermed Innovation” қўшма корхонасига бириктирилади.
Буйруқда, натижаларга қараб лойиҳага бошқа тиббиёт муассасалари ҳам бириктирилиши назарда тутилган. Ҳужжатда, вазирнинг 2021 йил 24 июндаги 144-сонли буйруғига мувофиқ, “Intermed Innovation” билан уч томонлама шартнома имзолангани кўрсатилган.
Шундан сўнг, Соғлиқни сақлаш вазири Бехзод Мусаевнинг 2022 йил 7 январдаги буйруқ билан мазкур лойиҳага жалб этилган тиббиёт муассасалари сони кенгайтирилади. Унга кўра, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги жами 178та оилавий поликлиника ҳамда кўп тармоқли поликлиникаларга қарашли лабораториялар “Intermed Innovation” қўшма корхонасига топширилган.
Натижада, “Intermed Innovation” Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида клиника-диагностик лаборатория хизматларини кўрсатиш бўйича рақобатчилардан анча устун (эҳтимол монопол) мавқега эга бўлди.
Бу нимани англатади?
Kun.uz'га тиббий-лаборатория хизматларини кўрсатувчи бир гуруҳ тадбиркорлар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши кураш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига киритилган шикоят хати келиб тушди.
Шикоят хатида тадбиркорлар вазир буйруғи амалдаги қонунчилик талабларига зидлиги ҳамда унда тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари чекланаётгани айтилади.
Kun.uz билан суҳбатда шикоят аризасига қўл қўйган тадбиркорлардан бирининг тушунтиришича, аризачилар энг кўп эътироз билдираётган жиҳат қуйидагича: Буйруқда “Intermed Innovation” лабораторияларида ўтказилган таҳлил жавоблари “диагностика стандартларида белгиланган муддатларда ҳақиқий деб ҳисобланиб, бошқа тиббиёт ташкилотлари томонидан қайта таҳлил ўтказилмаслиги” белгиланган.
Тадбиркорнинг фикрича, бу – “Intermed Innovation”га топширилаётган лабораторияларда ўтказилган таҳлилларгина поликлиникалар томонидан қабул қилинишини англатади.
“Бу инсон ҳуқуқларининг бузилиши эмасми: исталган одам ўзи истаган жойда таҳлил топширишга ҳақли. Улар бу ҳуқуқни қонунан чеклашмоқда. Энди врачлар ўша лабораториялардан бошқа жойда қилинган таҳлилларни қабул қилмайди. 178 оилавий ва марказлашган кўп тармоқли поликлиникалар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги деярли барча тиббиёт муассасалари дегани. Бир сўз билан айтганда, биздек хусусий лабораторияларга умуман имкон қолдирилмаяпти.
















