Украина темирйўллари бошқарувчиси бўлган «Укрзализныця» компанияси директори Александр Камишиннинг хабар беришича, вокзалга иккита ракета учиб келган.

«Бу темирйўл инфратузилмаси ва Краматорск шаҳри аҳолисига қасддан қилинган зарба», дея ёзади «Укрзализныця».

Украина хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, ҳужум оқибатида қурбонлар сони 39 нафарни ташкил этмоқда, шундан 4 нафари болалар. Дастлабки маълумотларга кўра, камида 100 киши яраланган.

Телеграм-каналларда тарқалган фотосуратлар ва видеоларда вокзал майдони жасадлар ва қон билан тўлгани акс этган.

Вокзал биноси олдидаги жасадлар. Фото: HERVE BAR/AFP

Украина миллий полицияси маълумотига кўра, ракета кутиш залига келиб тушган: бу ерда эвакуация поездини кутаётган юзлаб кишилар тўпланганди.

«Ҳозирда воқеа жойида полициячилар, қутқарувчилар, портловчи қурилмалар билан ишловчи мутахассислар ва тиббиёт ходимлари ишламоқда. Қурбонлар кўп, улар орасида болалар ҳам бор. Ёрдамга муҳтожларга керакли ёрдам кўрсатилмоқда», дейилади хабарда.

Краматорск мэри Александр Гончаренко россиялик ҳарбийлар вокзалга олдиндан белгиланган вақтда атайлаб зарба бергани ҳақида айтмоқда. «Поездлар жўнатилиши соат 10 да бошланади ва босқинчилар қасддан майдонда 4 мингга яқин киши тўпланган вақтда зарба берган», дейди у телеканаллардан бирининг эфирида.

Унинг сўзларига кўра, Краматорскдаги шифохоналар темирйўл вокзалига берилган авиазарбадан яраланган беморларга ёрдам кўрсатишга улгурмаяпти. «Кўплаб одамлар оёқсиз, қўлсиз қолган. Уларни бир вақтнинг ўзида 30-40 нафар жарроҳ операция қилмоқда», деган у.

Мэр ракетанинг қолдиқлари зарба эпицентридан 40 метр узоқликдан топилганининг ўзи авиазарбанинг қандай юқори кучга эга бўлганини англатишини қайд этган. 

Вокзалга ракета зарбасидан кейин ёниб кетган автомобиллар
Herve BAR / AFP / Scanpix / LETA

Донецк области губернатори Павел Кириленко Телеграм-каналида дастлаб зарба Россиянинг «Искандер» ракетаси билан берилгани ҳақида ёзди. Кейинроқ у аниқлик киритиб, гап «Точка-У» ҳақида кетаётганини айтди: «Аммо бу моҳиятни ўзгартирмайди, чунки россияликлар қаерга зарба бераётганини аниқ билишган».