Донецк вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Филашкиннинг маълум қилишича, 13 август куни маҳаллий вақт билан соат 20:30 дан 20:56 гача Краматорск ва Беленкое аҳоли пунктига жами саккиз марта зарба берилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумларда авиация бомбаларидан фойдаланилган.
Краматорскда зарбалардан бири турар жойлар ҳудудига тушган. Натижада кўп қаватли уй шикастланган. Бошқа вайронагарчиликлар ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмоқда.
Ахборот агентликлари ҳодиса жойидан видеоларни эълон қилди. Кадрларда тўққиз қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушгани ва ёнғин бошланганини кўриш мумкин. Агентлик маълумотига кўра, вайроналар остида одамлар қолиб кетган бўлиши мумкин.
Ҳозирча ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлгани ва 15 киши жароҳатлангани маълум қилинган.
Краматорскка аввал ҳам зарбалар берилган
Фронт чизиғига яқин жойлашган Краматорск сўнгги вақтларда мунтазам равишда ҳаво ҳужумларига учрамоқда.
31 июл куни эрталаб Россия қўшинлари шаҳарга тўртта авиация бомбаси ташлаган. Украина расмийларига кўра, ўша ҳужумда бир киши ҳалок бўлиб, 11 киши яраланган.
Украина Давлат фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотларига кўра, зарбалардан кейин келиб чиққан ёнғинларнинг умумий майдони 685 квадрат метрга етган.
Бундан бир кун аввал ҳам Краматорскка бешта авиация бомбаси билан зарба берилгани хабар қилинган эди. Бомбалардан бири кўп қаватли турар жой биносига тушиб, ёнғин келиб чиққан. Оқибатда олти киши жабрланган.
20 июлга ўтар кечаси эса Краматорскнинг турар жой мавзелари олти марта ўққа тутилган. Украина томони маълумотларига кўра, ўша ҳужумда ҳам бир киши ҳалок бўлган ва бир неча киши яраланган.












