Миллий статистика қўмитаси Ўзбекистон фуқаролари туристик мақсадларда энг кўп сафар қилган давлатлар рўйхатини эълон қилди.

Расмий маълумотларга кўра, 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида 5,3 млн нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда чет элга чиққан.

Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 109,9 минг нафарга кўпайган.

Ўзбекистонликлар энг кўп Қирғизистонга сафар қилган. Январ–август ойларида ушбу мамлакатга 2 млн 427 минг 526 нафар Ўзбекистон фуқароси борган. Бу умумий хорижий сафарларнинг қарийб ярмига тенг.

Иккинчи ўринни 955 минг 829 нафар сайёҳ билан Қозоғистон, учинчи ўринни эса 876 минг 650 нафар билан Тожикистон эгаллади.

Ўзбекистон фуқаролари энг кўп сафар қилган давлатлар:

Қирғизистон — 2 427 526 нафар;

Қозоғистон — 955 829 нафар;

Тожикистон — 876 650 нафар;

Россия — 257 567 нафар;

Туркия — 212 265 нафар;

Саудия Арабистони — 184 155 нафар;

Бирлашган Араб Амирликлари — 56 910 нафар;

Хитой — 52 043 нафар;

Миср — 39 599 нафар;

Ветнам — 33 439 нафар.

Рейтингнинг дастлабки уч ўрнини Ўзбекистон билан чегарадош давлатлар эгаллаган. Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистонга жами 4 млн 260 мингдан ортиқ фуқаро сафар қилган. Бу хорижга қилинган барча туристик сафарларнинг қарийб 80 фоизини ташкил этади.

Узоқроқ йўналишлар орасида Россия, Туркия ва Саудия Арабистони етакчилик қилмоқда. БАА, Хитой, Миср ва Ветнам ҳам ўзбекистонликлар кўп бораётган давлатлар ўнталигига кирди.